Тожикистон билан иттифоқчилик шартномаси КХШТга таъсир қилмайди
Қонунчилик палатасида қўшни давлат билан иттифоқчилик шартномасини ратификация қилиш бўйича қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида "Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартномани (Душанбе шаҳри, 2024 йил 18 апрел) ратификация қилиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мажлисда қатнашган "Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров иттифоқчилик муносабатларига Тожикистоннинг КХШТга аъзолиги таъсир қилиши бўйича савол берди.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Ҳайдаровга кўра, Тожикистоннинг ташкилотга аъзолиги иттифоқчиликка таъсир этмайди.
Масалан, Ўзбекистон КХШТга аъзо Россия ва Қозоғистон билан ҳам иттифоқчилик муносабатларига эга. Ушбу давлатлар билан ҳануз ҳеч қандай муаммолар кузатилмади, дейди вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларига президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил апрелдаги ташрифи доирасида эришилганди.
Қонунчилик палатаси биринчи ўқишда ушбу қонунни қабул қилди.