Рақобат қўмитаси Жиззахдаги МЧЖга қарши иш қўзғатди
“SANGZOR-TEKSTIL” МЧЖ 2023-2024 йилларда ишлаб чиқарилган жами 2885,4 тонна пахта толасини тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб, манипуляция ҳаракатлари содир этган.
Рақобат қўмитаси Жиззахдаги МЧЖга қарши таъсир чораси қўллади.
Қўмита қонун талабларига риоя қилмаган давлат ташкилотлари ва субъектларга чора кўрмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, Қўмитанинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси юқори ликвидли ва (ёки) монополь турдаги маҳсулотларнинг белгиланган графиклар асосида биржа савдоларига қўйиб борилиши юзасидан доимий равишда ўрганиш ва таҳлил ишлари ўтказилиб келинмоқда.
Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган ўрганишларда “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, “SANGZOR-TEKSTIL” МЧЖ томонидан 2023-2024 йилларда ишлаб чиқарилган жами 2885,4 тонна пахта толасини тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб, манипуляция ҳаракатлари содир этганлик ҳолатлари аниқланди.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасида “Фақат биржа савдоларига қўйиш йўли билан сотилиши лозим бўлган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотлар ҳажмларини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш” ҳаракатлари монополияга қарши талабларни бузилиши белгилаб кўрсатилган.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “SANGZOR-TEKSTIL” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.