Қирғизистонда коррупционерлардан 125 млрд сом давлат ғазнасига қайтарилди
Бу 2020-2024 йиллардаги ишларни ўз ичига олади, дея маълумот берган Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев.
Қирғизистонда ғазнага 125 миллиард сомгача бўлган активлар қайтарилди.
Бу ҳақда Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилди, деб ёзади Kaktus.media.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарининг аниқлик киритишича, давлат коррупцияга қарши кураш доирасида 2020 йилдан 2024 йилгача кўрсатилган миқдорни қайтарган. Шу билан бирга, у бундай тадбирлар давом этиши ва барча айбланувчилар жазоланишига ишонтирди.
"Илгари коррупционерлар жаримадан қутулиб, озод бўлиб қолишган. Бироқ, янги қонун қабул қилингандан кейин улар нафақат жарима тўлайди, балки қамоқ жазосини ҳам ўтайди", — дея таъкидлади Ташиев.
Қизиғи шундаки, Ташиев 20 ноябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида давлат 125 миллиард долларни қайтаришга муваффақ бўлганини айтди. Кейинроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси аниқлик киритдики, гап сом валютаси ҳақида кетяпти.
Жорий йилнинг июл ойида Қирғизистон президентининг амакиваччаси Улан Жапаровнинг айниқса катта ҳажмдаги фирибгарликда гумонланиб ҳибсга олиниши хабар берилганди. У аввалроқ божхонадаги коррупцион схемалар бўйича қўлга олинган эди. Бироқ орадан тўрт ой ўтиб улар уй қамоғига қўйиб юборилди ва иш судга юборилди.
Садир Жапаров қариндошининг ҳибсга олинишини изоҳлар экан," коррупцияга қарши курашда ҳеч кимга имтиёз олиш йўқ", деди.