platina.uz

Очилмаган сирлар. Перудаги Наска геоглифлари

Суратлар қандай вазифани бажаргани ҳақидаги саволлар – астрономик хариталарми, диний белгиларми, ҳатто илоҳий кучлар ёки ўзга сайёраликлар алоқа воситасими – ҳамон очиқлигича қолмоқда.

Маданият
24 ноябрь, 19:47
Очилмаган сирлар. Перудаги Наска геоглифлари
Коллаж: Platina.uz

Шу пайтгача яшаб ўтган кўплаб халқлар ва маданиятлар ҳақида улар ёзиб қолдирган битиклар ёки ашёлар ҳамда қурган иншоотларининг қолдиқларига қараб баҳо берамиз, тарих ёзамиз. Бу битикларнинг кўпчилиги тушунарли: уларда ўтмишдаги одамларнинг ҳаёт тарзи ёки орзулари ўз аксини топган. Турли битикларнинг нима мақсадларга хизмат қилганини ҳам тахминан тушунамиз. Масалан, қарз дафтарлари, хариталар ва ҳоказолар учун хизмат қилган. Бироқ Перудаги, хусусан, Наска ва Палпадаги тоғ ён бағирлари, платолардаги улкан суратларнинг нима мақсадда ва ким учун чизилганини тушуниш қийин.

Бу шаклни чизиш учун осмондан қараш зарур эди-ку...

Сирлар тўла макон

Лотин Америкаси қитъасидаги Перу қарор топган ҳудудлар асосан тоғли бўлса-да, қадимда бу ерда ҳаёт қайнаган, маданият гуллаб-яшнаган. Бу ерлар нафақат олтин ва бойликлари, балки сирли тарихи билан ҳам сайёҳлар, истилочилар, ўғрилар ва олимларни ўзига жалб қилиб келган. Масалан, нега инклар яшаган Мачу Пикчу шаҳри бир пайтлар гавжум бўлгану, аҳоли уни тўсатдан, шошилиб тарк этган? Нега бу ердаги ибодатхона ва қурбонлик келтириладиган бинолар худди Мисрдаги каби эҳром шаклида қурилган? Ва бизни айни пайтда қизиқтирадиган савол – Наска платосидаги улкан суратлар нимани англатади ва нима мақсадга хизмат қилган?

Қадимий Мачу-Пикчу шаҳри вайроналари. Перу

Наска чизиқлари ва суратлари

Перунинг жанубий қисмида улкан қояли дашт чўзилиб ётади. Агар бу маконга қадам қўйсангиз, ерда кўплаб тўғри чизиқлар чизилганига гувоҳ бўласиз. Бир қарашда шунчаки майда тошлар бир четга сурилиб, ер бироз тирналган. Булар ариқ эмас, чунки жуда саёз, қолаверса, бу иқлими ўта қуруқ, қояли ва шағалли жойларда деҳқончилик қилиш имконсиз. Бу ерда одамлар ҳам яшамаган, шаҳар ва қишлоқдан узоқ жойлашган.

Наска суратлари ҳақида илк марта, 1553 йилда испан конкистадорлари билан бирга келган тарихчи ва географ Педро Сьеса де Леон хабар берган. У “Перу хроникаси” китобида бу чизиқларни тасвирлаган бўлса-да, уларнинг суратлигини билмаган, шунчаки йўл кўрсаткичлар деб ўйлаган. Зеро, тепадан қаралмаса, уларнинг суратлигини билиб бўлмайди.

Наска платоси

Ниҳоят, 1939 йилда бу ердаги узун чизиқларнинг моҳияти ойдинлашди. Америка археологи Пол Косок Наска платоси устидан самолётда учиб ўтганида, ерда улкан суратлар борлигини пайқаб қолди. Германиялик олим, археология доктори Мария Райхе эса 1941 йилда ушбу чиқизиқларни чуқурроқ ўрганиб чиқиб, оламга машҳур қилди.

Бироқ у мазкур суратларни – Наска гелоглифларини (испанча Líneas de Nazca – Наска чизиқлари) фақат 1947 йилда, ҳарбий авиация ёрдамида ҳаводан суратга олишга муваффақ бўлди.

Архелогларнинг ҳисоблашича, Наска суратлари бундан деярли бир ярим минг йил аввал, тахминан эрамизнинг 400-600 йилларида (яъни тахминан Муҳаммад пайғамбар туғилиши ва Ислом дини ёйилиши арафасида) Наска маданияти вакиллари томонидан чизилган. Бу ерда яшаган, бизга маълум ва кўпроқ ўрганилган инклар маданияти эса XII асрдан шакллана бошлаган.

Наска чизиқларининг ердан кўриниши.

Наска суратлари акс эттирган олам

Наска суратлари – гигант ўлчамдаги геометрик фигуралар ҳамда ҳайвонот оламига оид суратлардан иборат. Узунлиги 50 км, эни 5-7 км келадиган улкан Наска платосида 143 га яқин сурат – қушлар, маймун, ўргимчак, гуллар ва ҳоказоларнинг суратлари, шунингдек, 13 мингга яқин чизиқ ва тасмалар, 700 га яқин геометрик фигуралар – асосан учбурчак ва трапециялар ҳамда 100 га яқин спираллар акс эттирилган.

Суратларни фақат тепадан кўриш мумкин.

Яримдашт қуруқ иқлимининг шарофати билан бу суратлар бизгача бузилмай етиб келган. (Бироқ ҳозирда турли антропологик омиллар ва тезкор урбанизация уларга зарар етказа бошлаган – муаллиф.)

Суратларнинг ўлчами бир неча 100 метр бўлгани боис, 1939 йилгача уларнинг сурат эканини шу атрофда яшовчи одамлар ҳам билишмаган. Наска геоглифлари 1994 йилда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Чунки авлодлар алмашинуви натижасида, яқин атрофда яшовчи одамлар ва кўчиб келганлар бу суратларнинг нима мақсадда чизилганини билиш уёқда турсин, уларнинг сурат эканини, ҳатто суратлар борлигини ҳам англашмаган. Зеро уларни кўриш учун қуш учадиган баланликка ёки баланд чўққиларга чиқиб қараш керак.

Сирли ҳолат кўп...

Наска платосида одам ёки машина юрса ҳам изи қолади. Лекин бу чизиқларни чизган одамларнинг изи қолмаган. Шунингдек, ер устидаги юпқа оқ ва қора қатлам турлича қизиши оқибатида ҳосил бўлган босим ва ҳарорат хилма-хиллиги шарофати билан, бу чизиқларни қумли бўронлар шу пайтгача ўчириб ташлай олмаган.

Наска геоглифлари хилма-хил.

Чизиқлар ва нақшларнинг ўзи тупроқда кенглиги 135 сантиметргача ва чуқурлиги 40-50 сантиметргача (ўртача чуқурлик 25-30 сантиметр) бўлган ариқчалар қазиш йўли билан чизилади. Натижада қора тошли юзада оқ чизиқлар ҳосил бўлади. Энг қизиғи, чизиқлар ичидаги майда шағалнинг ранги ариқча рангидан фарқ қилмайди. Бироқ, чизиқларнинг ўзи баланддан қараса яхши кўринади ва умумий ландшафт фонида ажралиб туради.

Қизиқ жиҳати шундаки, барча суратлар бир хил услубда, узуқ-юлуқ эмас, уланмаган тўғри чизиқлар билан, яна тағин баъзилари 8 км узунликда сидирға чизилган. Бу чизиқлар қуриган дарёларни кечиб ўтган, адирларга чиққан бўлса ҳам, чизиқлар умуман бурчакда оғишмаган. Гўёки кимдир тепадан (ҳали самолётлар ихтиро қилинмаган даврда – муаллиф) туриб бу ишларни бошқариб турган ёки улкан одам, улкан мих билан шу ерларни тирнаб, бир хил услубдаги 1000 га яқин фигураларни чизган! Ҳаттоки ҳозирги замонда ҳам бундай узлуксиз ва узун чизиқларни чизиш мушкул, дейишади мутахассислар. Қолаверса, 200-300 метрли қуш суратини чизиш учун уни режалаштириш, лойиҳалаштириш ва тепадан туриб чизиш жараёнини бошқариб, муттасил тузатиш киритиб туриш талаб этилади.

Деярли 50 км га ястанган "молберт".

Ундан ҳам қизиқ жиҳатини яқинда, 2019 йилда япон олимлари аниқлашди. Наска платосидагилар бу яқин атрофда яшамайди, улар анча узоқда жойлашган ҳудудларга хос қушлардир. Масалан, қораялоқ Анд тоғлари шарқий ёнбағридаги ўрмонлар ва Эквадор шимолида учрайди. Айтганча, бу ердаги тасвирлардан бирини колибри қуши деб ўйлашган. Аммо у синчиклаб ўрганилса, қораялоқ қуши экани маълум бўлди. Сақоқуш эса соҳил бўйидаги ҳудудларда учрайди. Лекин негадир ўша ҳудудларда бундай геоглифлар чизишмаган.

Бу колибри эмас, қораялоқ экан.

Япон олимларининг тахмин қилишича, перуликларни шунчаки бу ерда яшамаган экзотик қушлар ўзига жалб этган бўлиши мумкин.

Қандай қуш экани аниқланмаган суратлардаги паррандалар эса ўтмишда Перуда яшаган бўлиши мумкин.


Очилмаган сирлар. Ўз-ўзидан ёниб кетиш феномени


Суратларни чизишдан мақсад: тасдиқланмаган тахминлар

Юқорида ишора қилинганидек, Наска чизиқлари замонавий илм-фанга маълум бўлганида уларни йўл кўрсаткичлар деб ўйлашган. Аммо ҳеч ким яшамайдиган жойларда қандайдир қуш ва геометрик чизиқлар нимани ва қаерга йўналишни кўрсатиши номаълум. Шу боис бу тахмин кучсиз ҳисобланади.

Айрим олимлар эса бу суратлар Наска маданияти динига оид илоҳларни акс эттиради, ёки қурбонлик қилиш жойлари, ёхуд муқаддас жойлар, ёки уларга элтувчи йўналтирувчи чизиқлар ҳисобланади.

Бу тасмани ўзга сайёраликларнинг ҳаво кемалари учун учиш-қўниш йўлаги бўлган, дея тахмин қилишади.

Бошқа бир тахминларга кўра, бу чизиқлар деҳқончилик учун зарур бўлган ўзига хос тақвим ҳисобланади. Яъни қачон экин экиш, қачон ўриш мумкинлигини кўрсатувчи йўриқнома ҳам дейишади.

Наска суратларини тушунтиришга ҳаракат қилувчи бошқа бир тахминларга, айниқса, оммавий адабиёт ва уфологиядаги фаразаларга кўра, бу суратлар ўзга сайёраликларнинг ҳаво кемалари парвози ҳамда қўниши учун навигация вазифасини бажарган эмиш. Масалан, Тоҳир Шоҳнинг “Қанотлар учун сўқмоқлар: Перунинг қуш-одамларини излаб” номли китобида шундай фаразлар келтирилган.

Эринмаган қадимги рассомлар...

Нега ўзга сайёраликлар десангиз, XX асргача инсоният ҳали парвоз қилишни ўрганмаган эди-да! Бироқ Наскадаги чизиқлар қачондир ва қандайдир парвоз аппаратлари учун қўниш ва кўтарилиш учун фойдаланилгани борасида аниқ далиллар йўқ.

Ҳозир ҳам суратлар топиляпти

Тиниб тинчимаган япон олимлари Наско платосининг аэрокосмик суратларини ўрганиб, сунъий интеллект ёрдамида қайта ишлаб, ҳозиргача маълум бўлмаган суратларни ҳам топишмоқда.

Маймун ва геометрик шакллар.

Жумладан, Япониядаги Ямагата университети мутахассислари 2019 йилда вайрон бўлган узуқ-юлуқ чизиқларни жамлаштириб, 10 га яқин фигураларнинг ўтмишда қандай сурат бўлганини аниқлашди.

2015 йилда эса улар яна 40 га яқин шундай суратларни топишган.

Энг охирги топилган сурат – 37 метрли мушук сурати бўлиб, нисбатан яқинда – 2020 йил октябрида адирлик ёнбағрида аниқланган. Перу маданият вазирлиги баёнотида айтилишича, томоша қилиш майдончаси таъмирланаётган пайтда суратни пайқаб қолишган. Ушбу мушук сурати анча аввалроқ, эрамиздан аввалги 800-100 йилларда яшаб ўтган Паракас маданияти маҳсули экани айтилади.

Янги топилган мушук сурати.

Наска сирлари ҳамон очилмай қолмоқда...

Шундай қилиб, Наска геоглифлари қадимги цивилизацияларнинг энг сирли меросларидан бири бўлиб қолмоқда. Кенг қамровли тадқиқотлар ва турли фаразларга қарамай, бу улкан тасвирларнинг кўп жиҳатлари ҳалигача илм-фан учун жумбоқ. Аммо энг муҳими, мазкур геоглифлар Наска маданияти қандай экани ва улар атрофдаги дунё билан қандай муносабатда бўлгани ҳақида тасаввур қилиш имконини беради. Геоглифлар қандай вазифани бажаргани ҳақидаги саволлар – улар астрономик хариталарми, диний белгиларми ёки ҳатто илоҳий кучлар ёки ўзга сайёраликлар алоқа воситасими – ҳамон очиқлигича қолмоқда.

Чизиқлар қуриган дарё ўзанларини кесиб ўтганда ҳам бурчакдан оғишмаган.

Бироқ Наска чизиқларининг мақсади қандай бўлишидан қатъи назар, улар бутун дунё бўйлаб одамларни ҳайратлантириш ва илҳомлантиришда давом этаверади. Бу қадимий чизмалар нафақат муҳим археологик ёдгорлик, балки қадимги халқларнинг ижодий ва маънавий меросидан далолат бериб туради. Улар ўтмиш ва ҳозирги кунимиз ўртасида кўприк ўлароқ хизмат қилади, ҳар бир тадқиқотчини тарихнинг ҳали тўлиқ ўқилмаган саҳифалари бўйлаб қизиқарли саёҳатга чорлайди.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+