platina.uz

Очилмаган сирлар. Ўз-ўзидан ёниб кетиш феномени

Ёнғиндан хонадаги бошқа нарсалар зарар кўрмаган – ҳатто яқин атрофдаги газеталарга олов ўтмаган. Деворларда ҳам, шифтда ҳам куйиш излари топилмаган, хонада тутун ҳиди деярли сезилмасди.

Мақола
6 кун аввал, 20:07
Очилмаган сирлар. Ўз-ўзидан ёниб кетиш феномени
Фотоколлаж: Platina.uz

1951 йил 1 июл куни эрталаб Санкт-Петербург шаҳрида (АҚШнинг Флорида штати) яшовчи бир йигит онасидан хабар олгани борганида, катта фожеа устидан чиқади. Унинг 67 ёшли онаси бутунлай ёниб кул бўлган эди. 79 килограммлик кекса америкалик Мэри Ризердан бир уюм кул ва .... бус-бутун оёқлари қолган эди холос. Қайғуга тушган йигит онаси ётган хона эшигининг тутқичлари ҳамон иссиқ экани пайқайди...

Бу Мэри Ризер, унинг даҳшатли воқеаси ҳақида деярли бутун дунё билган.

Тўхтаб қолган соат ёнғин содир бўлган вақтни – эрталабки 4:20 ни кўрсатиб турарди. Катта эҳтимол билан Мэри юмшоқ оромкурсида мудраб ўтирган бўлган. Ёнғин рўй бергач, оромкурси ҳам ёниб кетган. Энг қизиғи, ёнғиндан хонадаги бошқа нарсалар зарар кўрмаган – ҳатто яқин атрофдаги газеталарга олов ўтмаган. Деворларда ҳам, шифтда ҳам куйиш излари топилмаган, хонада тутун ҳиди деярли сезилмасди.

"Бу мен кўрган энг ҳайратланарли манзара, – деган эди ўшанда Пенсилвания университети тиббиёт факултетининг суд-тиббий эксперти, кейинчалик терговда иштирок этган доктор Уилтон Крогман. – Тананинг кучли ёниши қандай қилиб атрофни кенг қамраб олувчи ёнғинга сабаб бўлмаганини тушуниш қийин. Бундай кучли аланга албатта хонада ёнғин чиқариб, ундаги барча жиҳозларни куйдириб кул қилиши керак эди. Мутахассислар турли текширувлар ва ўрганишлар натижасида якдил хулосага келишди: аёлни ҳеч ким ёқиб юбормаган, у ўз-ўзидан ёниб кетган!

Қора туфлидаги оёқ ва бир ҳовуч кул – Мэри Ризердан фақат шулар қолган.
Полиция ўз-ўзидан ёниш содир бўлган хонани текширмоқда.

Илмий феномен

Мэри Ризернинг ёниб кетгани ҳозирда “одамнинг ўз-ўзидан ёниши (Spontaneous Human Combustion – SHC) деб аталадиган даҳшатли ҳодисанинг классик намунаси ҳисобланади.

Бу каби ҳодисалар 2 аср олдин ҳам қайд этилган. Масалан, 1870 йилда Шотландиядаги Aбердин университетида бир рисола нашр этилган. Унинг муаллифлари ҳамкасбларининг бундай сирли ҳодисаларга муносабатини таҳлил қилишган. Фикри сўралган 35 олимдан фақат 8 нафари буни ёлғон деган ёки бошқалар томонидан ёқилган дея баҳо берган. Қолганлари эса одамнинг ўз-ўзидан ёниб кетиши мумкинлигига шубҳа қилмаган.

SHC’дан ўлганлар сони унчалик кўп эмас – охирги 300 йил давомида 200 та (баъзи маълумотларда – 120 та) шундай ҳолат ҳужжатлаштирилган холос. Ўзбекистонга яқин минтақалардан фақат Россияда, фақат бир кишининг ўз-ўзидан ёниб кетгани қайд этилган. Чўпон Бисен Мамаев 1990 йил 11 ноябрда Саратов ва Волгоград вилоятлари чегарасидаги далада тўсатдан ёниб кетган. Унинг қолдиқларини акаси топган. Ёнғин чўпоннинг ички аъзоларини бутунлай куйдирган, териси бироз куйган бўлса-да, ички кийимини куйдириб кул қилган. Устки кийимларига деярли шикаст етмаган.

Тарихга назар

Одамнинг ўз-ўзидан ёниб кетиш ҳодисаси илк марта 1470 йилда далиллар билан ҳужжатлаштирилган. Бир куни италиялик рицар Полоний Вортий ҳаддан зиёд кўп шароб ичиб қўяди. Бир маҳал у, қариндошларининг кўз ўнгида, оғзидан аланга пуркай бошлайди, сўнгра бир неча дақиқа ичида алангаланиб, ёниб кетади. Бу ва бошқа шундай ҳолатларда шайтон ўт қўяди деган изоҳлар тарқала бошлаган...

1725 йилда эса Франциянинг Реймс шаҳрида яшовчи Николя Милле тун ярмида қуюқ тутун ва куйиш ҳидидан бўғилиб, уйғониб кетади. У қўрқиб, қўшни хонада ётган хотинини қутқариш учун отилади. Бироқ хотинининг тўшагида бир уюм кул, бош суяги ва олов тегмаган оёқлари қолган эди холос (ҳатто қовурғалари ва умуртқа суяклари ҳам ёниб кул бўлган!). Полиция бундай ҳодисага биринчи бор дуч келгани боис, Николяни хотинини ўлдиришда айблайди. Бироқ суд вазиятни ўрганиб чиққач, аёлнинг ўз-ўзидан ёниб кетиш натижасида вафот этганига ишонч ҳосил қилади ва Николядан қотиллик бўйича айбловни олиб ташлайди. Айтиш жоиз, Николянинг хотини спиртли ичимликларга муккасидан кетган пиёниста бўлган. Ғалати жойи – аёл ётган сомон тўшак ёнмаган, бутун қолган.

1763 йилда француз Жан Дюпон De Incendiis Corporis Humani Spontaneis номли китобини чоп эттирди. Унда одамларнинг ўз-ўзидан ёниб кетиш ҳолатлари қайд этилган.

1850 йилда эса немис кимёгари Ястус фон Лейбиг одамларда ўз-ўзидан ёниш бўйича дастлабки илмий тадқиқотини ўтказди. Ўша пайтда кенг тарқалган гипотеза бўйича, фақат ароққа “бўккан” одамлар ўз-ўзидан ёниб кетади деб ўйлашган. Кимёгар бу тахминнинг нотўғри эканини исботлашга ҳаракат қилган.

1986 йилда эса Ню-Йоркда янада ғалати ҳодиса рўй берди. Бир эркак ўз уйида ёниб кетди. Шунга ўхшаш ҳодисаларда бўлгани каби, фақат одамнинг ўзи ёнган, хонадаги барча буюмлар ёнмай қолган. Ҳатто мурда қолдиқлари ёнида ётган гугурт қутиси ҳам ёнмаган! Тақдир ҳазилини қарангки, ёнган эркакнинг ўзи ўт ўчирувчи бўлиб ишлаган.

Энг охирги ҳужжатлаштирилган далил 2010 йил 22 декабрда қайд этилган. Ўшанда Ирландияда ёлғиз чол, 76 ёшли Майкл Фогерти ёниб кетган эди. Бир йил давомида терговчилар билан курашган экспертлар, ниҳоят, пенсионернинг ўлимига ўз-ўзидан ёниш сабаб бўлгани ҳақида хулоса беришган.

Сабаб нимада: ароқнинг касофатими?

Узоқ вақт давомида жиддий тадқиқотчилар фақат пиёнисталарнинг ўз-ўзидан ёниб кетиши мумкинлигига ишонган. Яъни, бутун умр ичиб, танаси спиртга бўккан одам, яна ароқ ичганида қандайдир учқун ёки тамаки чекмоқчи бўлганида ёндиргич учқунидан аланга олиб, бутун танасини куйдириб юборар эмиш.

Бироқ бу тахминни тажриба ёрдамида текшириб кўришганида, у исботини топмади. Германиялик олим Ястус фон Лейбиг одамнинг спиртга бўктирилган тўқималари ҳам дарров ёниб кетмаслигини аниқлаган. Бундан ташқари, у ҳатто каламушларнинг ўликларига бевосита 70 фоизли спиртни юбориб, ёқишга уринган, бироқ уддасидан чиқмаган. Шу тарзда спирт айбсиз бўлиб чиққан.

“Шар чақмоқ” тахмини

Баъзилар бу каби сирли ёниб кетиш ҳодисаларида шар чақмоқни айбдор қилишади – гўёки шар чақмоқ одамларнинг ичига кириб кетиб, уларнинг ёниб кетишига сабаб бўлар эмиш. Хусусан, Янги Зеландияда яшовчи олим Жон Абрахамсон шундай фикр тарафдори. Aммо бу фараз шу пайтгача илмий тарзда тасдиқланмаган. Бунга мисоллар ҳам йўқ, аслини олганда.

Шар чақмоқнинг ҳосил бўлиши.

"Пилик гипотезаси"

Бу ҳодисаларни тушунтиришга уринувчи "Пилик гипотезаси" ҳозир ҳам машҳур бўлиб, тўлиқ рад этилмаган.

"Тирик шам" деб ҳам номланувчи ушбу гипотеза 1961 йилда лондонлик шифокор Гевин Турстон томонидан Medico-Legal Journal нашрида эълон қилинган. У кийимдаги одам пиликка айланади, деб ишонган. Айтайлик, одам ёна бошласа, унинг баданидаги ёғлар эриб тушиб, бутун тананнинг ёниб битишини таъминлар эмиш.

“Пилик назария”си бўйича тажриба жараёни телевизорда икки марта – 1986 ва 1998 йилларда BBC’нинг илмий-оммабоп дастурларида намойиш этилган. Тажриба доирасида мато билан ўралган чўчқа танаси ёқилган. Аммо мурда жуда узоқ – 12 соат ёнган. Ва унинг устига ёпилган кийимлари сақланмаган, ёниб кетган. Шунингдек, ўзи ёнган одамлар каби куйиб кул бўлиб кетмаган.

"Кийинган" чўчқа яхши ёнди, лекин узооооқ ёнди. Қийинчилик билан ёнди.

“Кетоз” версияси

“Пилик” назарияси илмий жиҳатдан ҳам ишончсиз. Чунки баданда спирт тўпланмайди. Лекин инсон тўқималарида тез алангаланувчи моддалар тўпланиши мумкин. Шулардан асосийси – ацетон моддаси.

Тирик организмдаги метаболик жараёнда ацетон ишлаб чиқарилиши қонда инсон организмидаги асосий энергия манбаи бўлган глюкоза даражаси пасайганда бошланади. Бундай танқислик баданда муқобил механизмларнинг фаоллашувига олиб келади. Танадаги ёғ ҳужайралари парчалана бошлайди. Жигар жавобгар бўлган биокимёвий реакциялар занжири охир-оқибат қонга махсус моддалар – кетонлар деб аталадиган моддалар чиқарилишига сабаб бўлади. Улар глюкоза ўрнига ўриндош бўлиб, озиқланиш манбалари ва энергия ташувчиларга айланади.

Aцетон эса кетоннинг бир тури. Кетоз тўпланишига баъзи парҳез шакллари ва очлик сабаб бўлади. Бу баъзан қандли диабет каби касалликлар ҳам олиб келади.

Экспериментал биолог Браян Ж.Форднинг фикрича, организмда ёнувчи моддаларнинг ортиқча тўпланиши ўз-ўзидан ёниб кетишни келтириб чиқаради. Олим буни чўчқа гўшти бўлакларини ацетонда "маринация қилиш" орқали синаб кўрди.

Форд гўшт лаҳмларидан инсон танасининг масштабли моделларини ясади. Кейин моделни кийинтирди ва олов қўйди. Модел ярим соатдан кам вақт ичида ёниб тугади. Баъзи жойларда кийим-кечакларга олов тегмади. Қўл-оёқлари ҳам сақланиб қолган. Бу манзара худди ўз-ўзидан ёниш қурбонлари фотосуратига ўхшайди.

"Биз оёқ ва қўллар ёнмай қолишини табиий, деб ҳисоблаймиз, чунки уларда ёғ қатлами оз бўлгани боис ацетон етарли миқдорда тўпланмайди", дейди олим.

Aлбатта, бир савол очиқлигича қолмоқда: кучли ёнғин қаердан келиб чиқади? Баданда тез ёнадиган моддалар тўплангани билан, уни ёқиб юборадиган учқун қаердан пайдо бўлади? Форд бу борада аниқ фикрга эга эмас. У фақат ишқаланишлар натижасида ҳосил бўладиган статик электр токи одамни оловга қўйишда иштирок этиши мумкинлигига ишонади. Шунинг учун олим синтетик кийим кийишни маслаҳат бермайди, чунки бундай мато тез-тез учқун ҳосил қилади. Бу, айниқса, танасида кетоз кўп одамлар учун хавфли.

Микробиологик назария

Ғайриоддий, аммо қизиқарли тушунтиришлардан бири шундаки, ўз-ўзидан ёниб кетишга танадаги биологик жараёнлар сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолда, инсон танасига таъсир қилувчи бактериялар ёки замбуруғлар яллиғланишни кучайтирадиган ўзига хос реакцияга сабаб бўлиши мумкин. Шу каби ҳодисалар бошқа соҳаларда, масалан, органик материалларнинг парчаланиши пайтида кузатилади. Яъни микроорганизмлар таъсирида тўсатдан тана ҳарорати ошиб кетиб, ёнғин пайдо бўлар эмиш.

Қайси тахминга ишонайлик?

Ўз-ўзидан ёниб кетиш феноменини илмий тушунтириш тарафдорлари, бу каби барча ҳолатлар пул олиш учун ёки шов-шув кўтариш мақсадларида ўйлаб топилган оддий ёлғон ёки яхши режалаштирилган жиноятлар деб ҳисоблашади.

Масалан, 1938 йилда Британия тиббиёт журналида эълон қилинган бир мақолада шундай тахмин эълон қилинган: ўз-ўзидан ёниб кетганларнинг аксарияти кекса ёшдаги, ароққа муккасидан кетган, ёлғиз яшайдиган аёллар бўлишган. Гувоҳларнинг айтишича, улар ёниб кетишдан олдин жуда тушкун кайфиятда юришган. Уларнинг мурда қолдиқлари гарчи кулга айланган бўлса-да, ўта нохуш ҳид чиқарган.

Диққатга сазовор жиҳати шуки, ўз-ўзидан ёниб кетганларнинг қолдиқлари бевосита олов манбалари, шамлар ёки ўчоқлар олдидан топилган. Бироқ мазкур ҳодиса атрофида мистик атмосфера яратиш мақсадида атайлаб бу маълумотни яширишади.

Паранормал ҳодисалар тадқиқотчиси Брайан Даннинг эса “бу ҳодисаларнинг ягона сабаби – олов олдида узоқ ўтириш бўлганига” ишонади.

Илмий тушунтиришга уринишлар кўплигига қарамасдан, ўз-ўзидан ёниш феномени ҳамон мунозарали бўлиб қолмоқда. Aсосий муаммо шундаки, ўз-ўзидан ёниш ҳолатларининг аксарияти нотўғри ҳужжатлаштирилган ва кўпинча бу ҳодиса гувоҳлар томонидан тасвирланган тарзда содир бўлгани ҳақида аниқ далиллар йўқ. Кўпгина ҳолларда ёнғинлар чекиш ёки бошқа олов манбалари сабаб бўлиши мумкин.

Турли тахминларга қарамасдан, ҳамон бу феноменни тушунтириб берадиган якдил, тажрибалар воситасида исботланган аниқ илмий хулоса йўқ. Шу боис бу борадаги барча гипотезалар ва назариялар шунчаки тахмин бўлиб қолмоқда. Уларни текшириб кўриш учун қўшимча тадқиқотлар талаб этилади. Нима бўлганда ҳам, ўз-ўзидан ёниш ҳодисаси ҳамон инсоният учун очилмаган сир бўлиб қолмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+