Фарғона ҳокими турли мақсадларга салкам 2 млрд ажратди
Пулларнинг катта қисми вилоят малака ошириш марказини реконструкция қилишга сарфланади.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг фармойишлари билан турли мақсадларга 1,8 млрд сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Жумладан, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш ҳудудий маркази бино-иншоотларини реконструкция қилиш ишлари бўйича молиялаштиришни очиш учун аванс тўловларига 1 миллиард сўм сарфланади.
Фарғона шаҳар кўчаларига манзарали, мевали дарахт кўчатлари ва майса уруғларини экиш билан боғлиқ харажатлардан юзага келган қарздорликлар учун 500 миллион, гул кўчатлари экиш билан боғлиқ харажатлардан юзага келган қарздорликлар учун эса 300 миллион сўм ажратилади.
Пуллар вилоят маҳаллий бюджетининг 2024 йилги захира жамғармаси ва 3-чорак даромадлар режаси ошириб бажарилган қисми ҳисобидан қопланади.