Парламентдан президент қароргоҳигача: Абхазияда йирик намойишлар юз берди
Намойишчилар ҳатто халқаро миқёсда тан олинмаган республика президенти Аслан Бжаниядан лавозимдан кетишни талаб қилишган. Бжания мазкур талабга розилик билдирган.
15 ноябрь куни Абхазия парламенти биноси ёнида Россия билан инвестиция шартномасини ратификация қилиш масаласи кўриб чиқилиши керак бўлган юзлаб намойишчилар йиғилди.
Мухолифат вакиллари парламент биносини тўлиқ назоратга олди. Шу фонда Абхазия президенти маъмурияти матбуот хизмати республика ҳукумати инвестиция битимини ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатни парламентдан қайтариб олаётгани ҳақида хабар берди.
Инвестицион битим Россия компанияларига Абхазияда турли соҳаларда, жумладан, туризмда сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради. Ҳужжатда хорижий инвесторлар учун имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари, жумладан, кўп йиллик солиқ таътиллари кўрсатилган.
Республиканинг мухолиф жамоат ташкилотлари келишувга қарши чиқди ва ноябрь ойи бошида Сухумида шартномани ратификация қилишга қарши штаб тузди. Уларнинг фикрича, ҳужжатнинг қабул қилиниши Абхазиянинг иқтисодий суверенитети учун ҳалокатли бўлади.
Сессия кун тартибини тасдиқлаш учун 13 депутат овоз берди, тўрт нафари қарши, икки нафари бетараф қолди.
Кейинроқ Абхазия президенти Аслан Бжания норозилик намойишлари фонида Абхазия-Россия келишувини ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини парламентдан чақириб олишга қарор қилгани маълум бўлди. "Республикадаги вазиятни барқарорлаштириш учун қарор қабул қилинди", — дея изоҳ берди президент маъмурияти матбуот хизмати.
Лекин ҳолат бу билан тугамади. Намойишчилар илгарилаб, парламент ва президент қароргоҳи биносини эгаллашди ва Аслан Бжания истеъфосини талаб қилишди. Тан олинмаган Абхазия республикаси раҳбари бунга рози бўлган.