platina.uz

"Арктика йўли" келажакда Сувайш канали билан рақобат қиладими?

Шимолий Муз океани сатҳидаги муз қатламининг юпқалашуви ва майдонларининг камайиши халқаро савдо учун янги йўналишлар очмоқда. 

Мақола
10 ноябрь, 10:31
"Арктика йўли" келажакда Сувайш канали билан рақобат қиладими?

Иқлим ўзгариши ва глобал исиш нафақат салбий оқибатларга олиб келмоқда, балки иқтисодиёт учун янги имкониятлар ҳам яратмоқда. Масалан, Шимолий Арктика океани сатҳидаги муз қатламининг юпқалашуви ва муз майдонларининг камайиши халқаро савдо учун янги йўналишлар очяпти. Артика сувлари навигация учун қулайлашиб, иқтисодий жиҳатдан самаралироқ тус олиб, истиқболда камроқ вақт оладиган йўл сифатида ўзига жалб этмоқда.

Айниқса Сувайш канали орқали ўтувчи Европа ва Осиё ўртасидаги анъанавий денгиз йўлига муқобил вариантлар қидирилаётган охирги пайтларда «Арктика йўли» деб аталадиган Шимолий денгиз йўлига (ШДЙ) қизиқиш кучаймоқда.

Нега “Aрктика йўли” кўриб чиқилмоқда?

Ҳозирда Сувайш канали Европа ва Осиёни боғловчи стратегик муҳим йўналиш бўлиб қоляпти. Aммо Сувайш каналида қатнов тирбандлиги ва 2021 йил 23 мартдаги Ever Given контейнер ташувчи кемасининг кўндаланг тиқилиб қолиши каби ҳодисалар унинг мукаммал эмаслигини таъкидлайди.

Ҳозирда Сувайш каналининг хизмат кўрсатиш улуши глобал юк ташиш ҳажмининг тахминан 12 фоизини ташкил этади. Ҳар йили бу канал орқали тахминан 1,2 миллиард тонна юк ўтади, тахминан 19 000 та кема (ёки кунига тахминан 52 та кема) қисқароқ йўналиш сифатида эътиборга молик ушбу юк ташиш йўлидан фойдаланади.

Узоқ Шарқдан Европага ШДЙ орқали ўтиш йўналиши (кўк рангда, 1,4 минг км дан зиёд), Сувайш канали орқали ўтиш (қизил рангда, 23 минг км дан зиёд).

Айни пайтда эса ШДЙ орқали йилига 35 млн тонна юк ташилмоқда холос. Бироқ Россия логистика операторлари ва тадқиқот муассасаларининг прогнозларига кўра, ШДЙга қизиқиш бу ҳажмни 2030 йилга бориб 80 млн тоннага етказиши мумкин.

ШДЙ варианти масофани қисқартиргани боис вақтдан ҳам ютишга имкон беради. Мисол учун, Шанхайдан Роттердамга ШДЙ орқали ўтиш - йўналиш масофасини Сувайш каналига нисбатан деярли 30 фоизга - 12 000 км ўрнига 8 000 км гача қисқартиради. Масофани қисқартириш орқали ёнилғи харажатлари ва саёҳат вақти потенциал равишда камаяди: Сувайш канали орқали ўтиш 30-40 кун вақтни олса, кемалар ШДЙ орқали 20-25 кун сарфлайди холос. Бу транспорт харажатлари ва ёқилғи сарфини ҳам 30-30 фоизга камайтиради.

Маршрутни қисқартириш табиатга углерод чиқиндилари чиқариш ҳажмини 23 фоизга, агар сиқилган газдан ёқилғи сифатида фойдаланилса, 38 фоизга камайтиради. Бу омил углерод нейтраллигига интилаётган компаниялар учун муҳим. Бундай истиқбол товарларни тезроқ етказишдан манфаатдор халқаро логистика компаниялари диққатини ўзига қаратмоқда.

Шимолий денгиз йўлидан фойдаланишга мисоллар

Сўнгги йилларда ШДЙдан фойдаланадиган кемалар сони ортиб бормоқда. 2023 йилда ШДЙ бўйлаб 35 миллион тонна юк ташилган - таққослаш учун, 2019 йилда бу кўрсаткич атиги 26 миллион тонна эди. ШДЙнинг энг йирик фойдаланувчилари орасида нефт ва газни экспорт қилувчи НОВAТЕК ва Роснефт каби Россия компаниялари бор.

Хитой ҳам Aрктика маршрутидан манфаатдор, уни “Қутб ипак йўли” стратегияси доирасида кўриб чиқаяпти. Баъзи Хитой кемалари маҳсулотларни Европага ташиш учун ШДЙ дан аллақачон фойдаланмоқда, бу эса Осиёдаги йирик “ўйинчи”ларининг ушбу йўналишдаги потенциал қизиқишидан далолат беради.

Экспертларнинг фикрлари

Норвегия халқаро муносабатлар институти ходими Aндерс Норднинг фикрича, ШДЙ салоҳиятга эга, аммо мавсумийлик ва инфратузилма чекловлари туфайли яқин келажакда Сувайш канали ўрнини боса олмайди. Шунингдек, у яқин истиқболда ШДЙ контейнер ташиш учун эмас, балки асосан ресурсларни ташиш учун ишлатилишини таъкидлайди.

Япония халқаро транспорт марказининг катта таҳлилчиси Aкира Кобаяшининг қайд этишича, ШДЙ барқарор ривожланиши халқаро ҳамкорлик ва хавфсизлик стандартларини талаб қилади. Шу билан бирга, у Aрктика сувларининг ифлосланиши каби экологик хавфли оқибатларга олиб келади, бу эса атроф-муҳит муаммолари ва иқлим ўзгаришига халқаро эътиборни кучайтириши мумкин.

Лекин шунга қарамасдан, музёрар кемалар йўлни очиб боришлари қимматга тушгани боис, ШДЙни Сувайш орқали ўтадиган маршрутга қараганда қимматроқ қилади. Бундан ташқари, Сувайш каналига нисбатан инфратузилманинг ёмонлиги истиқболда катта сармояни талаб қилади. Ушбу лойиҳада мамлакатлар ва компанияларнинг иштироки вазиятни яхшилаши кутилмоқда, аммо портларга ҳам, музқаймоқ ва алоқа ускуналарига ҳам катта сармоялар керак.

Айни пайтда эса бу йўналишда амалий ишлар бошланган. Россия ШДЙ инфратузилмасини фаол ривожлантирмоқда. Масалан, бутун йўналиш бўйлаб Aрктика портлари, музёрар кемалар қуриш ва барварор алоқани таъминлаш режалаштирилган. 2030 йилгача Россия ШДЙни модернизация қилиш учун 735 миллиард рублгача (9,6 миллиард доллар) сармоя киритишни режалаштирмоқда.

Прогноз

ШДЙ, айниқса Шарқий Осиё давлатларига юклар жўнатишни тезлатишни истайдиган Россия ва Шимолий Европа мамлакатлари учун истиқболли муқобил йўналиш бўлиб қолмоқда.

ШДЙ энергия ресурсларини ташиш учун мақбул вариант бўлиб қолади ва инфратузилмани ривожлантиришга сармоя киритувчи мамлакатлар томонидан фаол фойдаланилиши мумкин. Барқарор инвестициялар ва об-ҳаво шароитларининг яхшиланган шароитларида ШДЙ келажакда маълум савдо йўналишларида Сувайш канали билан рақобатлаша олади.

Шу билан бирга, ШДЙ Европа ва Осиё ўртасида юк ташиш вақти ва нархини қисқартириши мумкин бўлса-да, мавсумийликдаги чекловлар, музёрар кемалар кузатиб бориш зарурати ва Aрктикада керакли инфратузилманинг йўқлиги бу йўлнинг кенг қўлланилишини чеклайди.

Лекин ШДЙ истиқболли муқобил йўл бўлсада, аммо у яқин 10-20 йил ичида Сувайш каналининг ўрнини тўлиқ боса олмайди. Сувайш канали ҳамон аксарият халқаро юк ташувлари учун иқтисодий ва хавфсизлик жиҳатидан энг қулай йўналиш бўлиб қолмоқда.

Шунга қарамасдан, ШДЙ айниқса ёз фаслида, музёрар кема ортидан юриш зарурияти камайганида глобал юк ташув ҳажмининг бир қанча қисмини енгиллатиши мумкин. Прогнозларнинг кўрсатишича, 2035 йилга бориб, ШДЙ юк ташув ҳажмини 100 млн тоннага етказиши мумкинки, бу халқаро денгиз ташувчилари умумий ҳажмининг 7–8 фоизини ташкил этади.

Хулоса қилиб айтганда, келажакда ШДЙ Сувайш каналига қўшимча бўлади, бироқ Сувайш каналининг ўрнини боса олмайди.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+