platina.uz

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан қизлар учун SMM бўйича маҳорат дарси ўтказилди

Маҳорат дарси — бу шунчаки оддий тадбир эмас, балки Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи қизлар учун унутилмас ва такрорланмас кун, янгича дунёқараш ва ўзгача таассуротларга бой, аниқ мақсад сари йўналтирувчи мулоқот бўлди.

Жамият
8 ноябрь, 21:34

8 ноябрь куни “Заковат арена”да “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ташаббуси билан SMM бўйича маҳорат дарси ташкил этилди.

Ойлик доирасида вақтинча ишсиз қизларни касбга ўргатиш мақсадида пойтахтлик 1 000 нафар қизлар бепул SMM мутассислигига ўқитилмоқда.

Ўқув курси 24 модулдан иборат бўлиб, маркетинг, SMM (бизнес модел, таҳлил, стратегия), копирайтинг, ижтимоий тармоқларда (Telegram, Facebook, TikTok, YouTube, Instagram) ишлаш, координаторлик, сотув билан ишлаш, сценарий ёзиш, шахсий бренд яратиш; мобил оператор (тасвирга олиш маҳорати), мобил монтаж (тасвирни қайта ишлаш, ишлов бериш), таргет, бизнес келишув каби йўналишларни ўз ичига олади.

Лойиҳадан мақсад қизларга замонавий касб — SMM мутахассислиги сирларини ўргатиш орқали интернет ва ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини яратиб, тадбиркорлик (реклама, дизайн яратиш, онлайн савдо ташкил этиш ва бошқалар) фаолиятларини йўлга қўшдир. Бунинг натижасида бир ойда ўртача 3 млн сўмгача даромад олишларига эришиш мумкин.

Курсда таҳсил олаётган қизларга мотивация бериш, жамиятга қўшиш, ўзларига нисбатан ишонч уйғотиш, яратилган шароитдан унумли фойдаланиб, замонавий касбни эгаллаш ва шахсий даромадга эришишга ундаш мақсадида жамиятнинг фаол аёллари билан маҳорат дарси ташкил қилинди.

Хусусан, мазкур маҳорат дарсида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Камола Собирова, журналистлардан Юлдуз Олимова, Маҳлиё Тўрабоева, ўқитувчилардан Кумушой Назарқулова, Оғабек Казаков, Ҳумоюн Холмуродов ҳамда ижтимоий тармоқларда фаол бўлган актрисалар Гулруҳ Пирназарова, Маржона Мирзаалиева ва Мавлуда Ҳикматовалар ҳам иштирок этиб, ёшлар билан мулоқот қилишди.

Учрашувда пойтахт қизлари ҳамиша Тошкент шаҳар ҳокимияти эътиборида эканлиги, аёлларнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган бундай лойиҳалар кўп бўлиши, уларнинг муаммолари ҳал этилиш учун барча имкониятларни ишга солиниши таъкидланди.

Бундан ташқари, учрашувда 24 модулли, имтиҳон тизими, курс якунидан кейинги жараёнлар ҳақида тақдимотлар қилинди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+