platina.uz

Трампнинг сайланиши урушларга қандай таъсир қилади?

Дунёда тинчлик ўрнатилишини таъкидлаган республикачи Россия-Украина ва Яқин Шарқдаги низоларни ҳал қилишда қанчалик муҳим инсон?

Таҳлил
6 ноябрь, 19:00
Трампнинг сайланиши урушларга қандай таъсир қилади?
Коллаж: Platina.uz

Жорий йилнинг 5 ноябр куни ўтказилган президент сайловларида АҚШни кейинги 4 йил мобайнида бошқарадиган, дунё сиёсатига таъсир қила оладиган навбатдаги президент номи аниқ бўлди. Тадбиркор, шоумен ва АҚШнинг 45-(собиқ) президенти (2017 йил 20 январдан – 2021 йил 20 январгача) Доналд Трамп кўпчилик овоз билан ғолиб чиқди.

АҚШ президенти аниқланди, Украина тақдири мавҳумлашди

Деярли бутун дунё бу сайловларга қизиқиш билдирган бўлса-да, Россия ва Украина, айниқса, Украина раҳбарияти кучлироқ ҳаяжонда ва хавотирда бўлди, десак муболаға эмас. Зеро Россиядаги истилочилик уруши қандай якун топиши ёки қандай ўзанга бурилиши АҚШ ва НАТОнинг Украинага қандай ёрдам беришига бевосита боғлиқ.

Украина президенти Владимир Зеленский биринчилардан бўлиб Трампни ғалаба билан табриклади. “Яқинда ўтказилган суҳбатлари мароқли бўлганини” эслатди.

Маълумки, ушбу суҳбатда Зеленский Трампга ёки Украина ядровий қуролга эга бўлиши, ёки НАТОга қўшилишини айтган. Зеленский Трамп билан суҳбатда унга 1994 йилги Будапешт меморандумини эслатиб ўтганини билдирди. Ушбу ҳужжатга кўра, ядровий қуролдан воз кечиш эвазига Украинага ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш ваъда берилган эди. Зеленскийнинг қўшимча қилишича, Украина ядро қуролига эга бўлишдан кўра НАТОни танлайди ва Трамп унинг фикрларини эшитган.

Нима бўлганда ҳам, Трампнинг сайланиши AҚШнинг Украинага нисбатан келажакдаги сиёсати ва Россия билан давом этаётган можарога нисбатан сезиларли ноаниқлик пайдо бўлди.

Аввало, Трамп ҳар икки томон билан музокаралар олиб бориш орқали “24 соат ичида урушни тўхтатиш” ниятида эканини бир неча бор айтган бўлса-да, Украина ғалабасини қўллаб-қувватлаши борасида аниқ жавоб беришдан қочган, асосийси урушни тугатиш эканини такрорлаган.

Трамп, шунингдек, Украинага юборилган катта миқдордаги ҳарбий ва иқтисодий ёрдамни бир неча бор танқид қилган ва агар у АҚШ президентлик лавозимига қайтса, бу ёрдам текин эмас, қарзга, яъни қайтариш шарти билан тақдим этилишига ишора қилган. Бундай баёнот Украина томони ва унинг тарафдорларини саросимага солган. Зеро Трамп бу ваъдасида турса, Украинага кўрсатилаётган ёрдам миқдори сезиларли даражада камайиб кетиши мумкин.

Қолаверса, яқинда Трамп “мен сайлансам, 4 йил дунёда урушлар тўхтайди” дея баёнот берди. Уруш тўхташи яхши, бироқ кимнинг ғалабаси билан тугаши муҳими. Россия ҳам, Украина ҳам мағлуб бўлишни истамайди. Бироқ Трамп ўзининг яна бир чиқишида айтишича, у Путин билан гаплашганида, “агар Украинага нисбатан яна бирор ёмон ҳаракат қилса, нақд лаънати Москванинг марказига зарба бериш” билан таҳдид қилган. Трампнинг айтишича, Путин “ҳеч қачон” деган, аммо огоҳлантиришни тушунган. “Чунки менинг жинни эканимни билади” деган Трамп. Бироқ Путин Трампнинг бундай гапни айтганини эслолмаслигини маълум қилди.

Россиянинг “куни туғадими?

Россия раҳбарияти одатда Трамп тарафдори бўлган. Ҳатто 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашиб, Трамп учун ҳаракат қилган, қабилидаги шубҳалар ҳам мавжуд. Трампнинг яна сайланиши Путин “лагерини” шод этган бўлса эҳтимол. Бироқ Трамп жиловни қўлга олса, урушни тўхтатиш учун Россия ва Украинани музокараларга мажбурлаши (!), ўрта бир мақбул ечим топилса, сулҳга ҳам мажбурлаши мумкин. Россия президенти эса бунга рози бўлишга мажбур. Акс ҳолда Трамп демократлар каби майдалашиб, истиҳола қилиб ўтирмайди: Зеленский анчадан бери сўраб, рухсат ололмаётган имконият – узоққа – Россия ички ҳудудларига, демакки Москвага ҳам зарба бера оладиган қуроллар ҳамда бу қуролларни истаган масофага қўллашга рухсат бериб юбориши мумкин. Трамп Украинага ёрдамни Байден маъмурияти тақдим этганидан-да ошириб юбориши ва Россияни бурчакка тақаб қўйиши турган гап. Чунки аввало Трамп авторитар ва чўрткесар раҳбар, иккинчидан, Сенатда ҳам Трампнинг сиёсий маслакдошлари – республикачилар кўпчилик ўринни қўлга киритди. Бу дегани, АҚШ элитасида Трампнинг истакларига қарши чиқа оладиган куч йўқ дегани, Трамп режа қиладиган ёрдам лойиҳаларини сенат осон тасдиқлаб бериши мумкин, деганидир.

Бироқ Россия томони бу жиҳатни инобатга олган кўринади: охирги пайтларда Россия армияси имкон қадар Украинанинг кўпроқ ерларини эгаллаб олишга уринмоқда. Чунки Трамп сайланганидан кейин вазият кутилмаган томонга ўзгариб кетиши ва истилочиликка чек қўйилиши мумкин.

Бироқ Путин кўчасида байрамга сабаб бўлиши мумкин бўлган бир жиҳат бор: Трамп сайланган кунининг эртасигаёқ Путинга қўнғироқ қилмоқчи. Аввалроқ у Путинни ҳам “тўғри тушуниш”, Россияга қўйилган санкцияларни бекор қилиш кераклигини айтган эди.

НАТО ва Европа билан муносабатлар совуқлашади

Бироқ Трампнинг сайланиши натижасида яна бир ўзгариш кутилмоқдаки, у ҳам Украинанинг фойдасига бўлмайди.

Трампнинг президентликдаги рақиби Камала Харрис сайловолди ташвиқотида НAТО бирлигини сақлаб қолиш ва Украина суверенитети тикланмагунча уни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлаган бўлса, Трамп “чексиз ёрдам”дан воз кечиш режасини илгари сурди.

Аслида Трамп аввалги президентлик даврида ҳам, октябр ойидаги сайловолди ташвиқотида ҳам Европа ҳамда НАТО билан муносабатларни қайта кўриб чиқишни, НАТОга пул ажратишни камайтиришини айтган. Трамп коллективизимдан кўра АҚШ манфаатларини устун қўядиган раҳбар. Бундай нуқтаи-назар Европа Иттифоқи ва НАТО аъзолари орасига парокандалик солиши, Украинага ёрдам борасида келишмовчилик кучайиши ва ёрдамни тақдим этиш секинлашувига олиб келиши мумкин. Экспертларнинг фикрича, Трампнинг бундай позицияси Украинага ҳарбий ёрдамни камайтириши ва унинг ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш қобилиятига тўсқинлик қилиши мумкин.

Қолаверса, Европа дипломатлари тахмин қилишича ҳам, Трамп сайловда ғалаба қозонса, Украинага кўрсатилаётган ёрдамни кескин тўхтатиши мумкин, бундан эса Путин фойдаланишга уриниши эҳтимоли бор.

Франциянинг Европа ишлари бўйича вазири Бенжамен Ҳаддад, агар АҚШ Украинага ёрдамни тўхтатишга қарор қилса, Европа мамлакатларини Украинани мустақил равишда қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирган. Шунингдек, у Европа давлатларини ўз мудофаа қобилиятини ошириш устида ишлашга ҳам даъват этди.

Исроил ҳам бор

Албатта, АҚШнинг Украинадан ташқари ташвишлари кўп. Шулардан бири – Яқин Шарқ, хусусан Исроилга ёрдам муаммоси.

Сир эмас, Исроил Бош вазири Нетаняху ва унинг ҳукумати Трампнинг Ой Уйга қайтганидан ўзларини анча қулайроқ ҳис қилишади. Зеро, Трамп аввалги президентлик даврида Исроилнинг, жумладан, Нетаняҳунинг яқин иттифоқдоши дея эътироф этилган.

Бир эшакка икки одамнинг юки кўплик қилади. Трамп Украина ёки Исроилга ёрдам бериш масалалари орасида танлов қилиш керак бўлса, катта эҳтимол билан Исроилни танлайди.

Хўш, нима бўлади?

Сиёсатшунос ва экспертлар Трампнинг президент этиб сайланиши дунё сиёсатида катта ўзгаришлар ясаши борасида якдил фикрда. Бироқ бу ўзгаришларнинг сифати ҳамда эҳтимолий оқибатлари ҳақида турли фикрда.

Баъзиларнинг фикрича, Трамп воситачилигидаги музокаралар можаронинг “музлатилиши”га ёки Украинанинг ўз ҳудудларининг бир қисми устидан назоратини қисман йўқотишига сабаб бўладиган музокараларга олиб келиши мумкин.

Бошқалар эса Aмерика қўллаб-қувватлашидан воз кечиш Украинанинг руҳияти ва халқаро обрўсига салбий таъсир кўрсатишидан қўрқишади. Бундай вазият Россияни Украинани заифлаштириш умидида ҳарбий саъй-ҳаракатларини кучайтиришга ундаши мумкин.

Умуман олганда, Трампнинг ҳокимият тепасига келиши, катта эҳтимол билан, AҚШнинг Украинага нисбатан сиёсати “камроқ аралашув” режимига ўтишига, Украина манфаатларига таҳдид кучайишига ва халқаро ҳамжамиятнинг Россия агрессиясини тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари борасида ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+