Ўзбекистон Туркий давлатлар абадий дўстлиги ва қардошлиги тўғрисидаги шартномани қабул қилишни таклиф этди
Мирзиёев иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга ечимлар топиш мақсадида вазирлар даражасидаги Туркий экологик кенгашни тезроқ тузиш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар мажлисида қатор таклифлар билан чиқди.
Президентга кўра, "етакчи давлатлар ўртасидаги рақобат ва ишончсизлик муҳити кескин кучаймоқда, зиддият ва уруш ўчоқлари кўпайиб, турли хавф-хатарлар янада ортмоқда".
Ўзбекистон президенти қуйидаги ташаббуслари илгари сурди:
"Биринчидан, давлатларимиз ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги юқори даражасидан келиб чиқиб, Ташкилотимизнинг асосий шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва мустаҳакамлаш тарафдоримиз.
Биз Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлиги тўғрисидаги шартномани қабул қилишни таклиф этамиз. Ўйлайманки, ушбу кенг қамровли хужжатнинг ишлаб чиқилиши тузилмамиз фаолиятини янада юксак сиёсий поғонага кўтаради.
Иккинчидан, Ташкилотимиз доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш бўйича ниятимиз қатъийдир.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда давлатларимизнинг ташқи товар айланмасида ўзаро савдомиз улуши анча паст даражада қолмоқда. Импортимизнинг салмоқли қисми учинчи давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу борада вазиятни кескин ўзгартириш вақти келди.
Энг аввало, тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ битим ва келишувлар ишлаб чиқиш лозим.
Савдо соҳасидаги салоҳиятимизни кенгайтиришга қаратилган чуқур тадқиқотлар олиб бориш учун яқин истиқболда Тошкентда етакчи миллий таҳлил марказларимизнинг анжуманини ўтказиш айни муддао бўлар эди.
Келгуси йил учун иқтисодий форум, савдо ва саноат кўргазмалари, минтақа ва вилоятларимизнинг ўзаро ташриф режаларини, давлат харидларида иштирок этиш, кооперация ва локализация қўшма дастурини қабул қилишимиз керак. Бу устувор вазифаларни мамлакатларимизнинг Бош вазир ўринбосарлари зиммасига юкласак, албатта натижаси тезда кўринади", дейди давлат раҳбари.
Давлат раҳбарига кўра, учинчидан, бугунги оғир глобал иқтисодий шароитда энг долзарб муаммо – бу инвестиция жараёнларининг узлуксизлигини таъминлашдир.
Жаҳон молия бозорида капиталга бўлган талаб ва унинг нархи тобора ошиб бормоқда. Ривожланаётган давлатлар учун узоқ муддатли ва “яшил” кредитлар ажратиш шартлари қийинлашмоқда.
"Биз Ташкилотимиз доирасида молиявий инструментларни жорий этишга жиддий эътибор қаратишимиз керак. Туркий инвестиция жамғармаси ишини фаоллаштириш, бизнинг ташаббусимиз бўлган Туркий ривожланиш банкини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.
Минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларга халқаро молия институтлари ва чет эл инвестиция компанияларини кенг жалб этиш ҳам долзарб вазифадир. Бу борада Туркий инвестиция форумини ташкил этишни таклиф қиламиз ва унинг илк тадбирини Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз.
Тўртинчидан, яна бир устувор масала – бу транспорт коридорларидан самарали фойдаланишдир.
Ўрта коридор бўйлаб транзит тарифларини мақбуллаштириш, чегаралардан ўтиш жараёнларини соддалаштириш, замонавий логистика тизимлари ва қўшма операторларни яратиш умумий манфаатларимизга тўла жавоб беради.
Ташкилотимиз доирасидаги ташувларда электрон ҳужжатлар айланмасига ўтиш ва уларни ўзаро тан олиш бўйича кўп томонлама битимни имзолашга чақирамиз.
Бундай долзарб масалаларни бизнес вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилиш мақсадида Туркий давлатлар логистика марказлари ва юк ташувчилари альянси билан ҳамкорликда Халқаро логистика конференциясини ўтказишни таклиф этамиз.
Бешинчидан, келажак иқтисодиётини кенг жорий этишга қаратилган Рақамли туркий дунё концепциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурамиз.
Мазкур концепция мамлакатларимизда тўпланган илғор тажриба ва IT соҳасидаги ютуқларни ўзаро алмашиш, инновация, инфратузилма ва илм-фан бўйича рақамли тизимларни, йирик дата-марказларини яратишга хизмат қилади", дея таъкидлади Ўзбекистон етакчиси.
Шавкат Мирзиёев Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўткир экологик муаммоларга ечимлар топиш мақсадида вазирлар даражасидаги Туркий экологик кенгашни тезроқ тузиш зарурлигини таъкидлаб, унинг биринчи учрашувини келгуси йили Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини билдирди.
"Қардош халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштириш, ёшларимизни аждодларимизга муносиб руҳда тарбиялаш мақсадида туркий эллар фольклорининг кўп жилдли мажмуасини аъзо мамлакатлар тилларида нашр этсак, манзур иш бўлар эди.
Бу борада “Туркий мамлакатлар тарихи” каби фундаментал тадқиқотларни биргаликда яратиш долзарб вазифамиздир. Шу билан бирга, туркий тиллардан бевосита таржима қилишни рағбатлантириш, мактабларимизда туркий халқлар ва уларнинг тарихи, этнографияси, маданияти ва санъати ҳақида факультатив дарсларни йўлга қўйиш лозим, деб ўйлайман", деди президент.
Шу ўринда президент Ўзбекистоннинг Туркий маданият ва мерос жамғармасига тўлақонли аъзо бўлишга тайёрлигини билдирди.