platina.uz

Ходимлар сонини яшириш учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади

Президент тадбиркорларга оид тақдимот билан танишди. Фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинмоқда.

Жамият
4 ноябрь, 18:10
Ходимлар сонини яшириш учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев 4 ноябр куни тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатда тадбиркорларга иқтисодиётнинг таянчи сифатида қаралиб, бизнес муҳити тобора қулайлаштириб борилмоқда. Маҳалладаги якка тадбиркорликдан тортиб, йирик лойиҳаларгача қўллаб-қувватланмоқда. Натижада бизнесга қизиқиш ва ундан манфаатдорлик ошиб бормоқда.

Бунинг бош омили ҳаёт талабидан келиб чиқиб, тадбиркорларнинг ўз таклифлари асосида иш тутилаётганидир.

Анъанадагидек, бу йил ҳам 20 август куни давлат раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилди. Унда айтилган муаммо ва фикрлар асосида тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, текширувларни тартибга солишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Унга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб битта ҳуқуқбузарлик учун битта жавобгарлик чорасини белгилаш назарда тутилмоқда. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинмоқда.

Шунингдек, рақамли маркировкалаш қоидаларини ҳамда фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш, ходимлар сонини яшириш учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади.

Низолар ҳал қилинишини енгиллиштириш мақсадида 2025 йил 1 мартдан судда иш юритиш тарафлар келишуви билан тугатилганда давлат божининг бир қисмини қайтариб бериш тартиби жорий этилади.

Тадбиркорлар фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати тасдиқланади.

Бунда, рўйхатда йўқ масалалар бўйича тадбиркорлар фаолиятини текшириш тақиқланади. Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали хабардор этиш тартибида амалга оширилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб, текширувлар “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими доирасида тадбиркорларни 3 та тоифага ажратган ҳолда ўтказилади.

Тақдимотда, шунингдек, тадбиркорлар фаолиятида ноқонуний текширувларнинг олдини олиш, назорат органларининг текширувчи ходимлари малакасини ошириш бўйича ҳам фикрлар билдирилди.

Давлат раҳбари бу чораларни ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш, амалиётда адолатли қўлланишини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+