platina.uz

Aрманистонни буюк келажак кутяпти... ми?

Россиядан узоқлашиш мамлакат обрўси ошишига, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви ва демократияни ривожлантиришига қанчалик фойда беради?

Таҳлил
31 октябрь, 17:36
Aрманистонни буюк келажак кутяпти... ми?
Фотоколлаж: Platina.uz

Ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан Россияга тарихан қарам бўлиб келган Aрманистон сўнгги йилларда ўз ташқи сиёсатини диверсификация қилиш ва аста-секин Москвадан узоқлашиш йўлини танлади. Буни Никол Пашинян ҳукуматининг Европа, Туркия ва бошқа давлатлар билан муносабатларни яхшилаш, шунингдек, мамлакат имижини юксалтириш учун дипломатияни фаоллаштиришга қаратилган қадамларидан билиш мумкин. Бу қарор нафақат ички сиёсий ўзгаришлар, балки иқтисодий ривожланиш ва халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш зарурати билан ҳам боғлиқ. Энг муҳим воқеалардан бири – Aрманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик шартномаси бўлди. Бу минтақани барқарорлаштиришга олиб келиши ва ҳамкорлик учун янги имкониятлар очиши мумкин.

Шу аснода бир савол туғилади: Россиядан узоқлашиш Aрманистоннинг обрўси ошишига, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви ҳамда демократияни ривожлантиришига қанчалик фойда беради?

“Ҳаммасига Россия айбдор”

Гапни Aрманистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар Aрманистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) мажбуриятлари борасидаги эътирозларидан бошлаш ўринли бўлади.

Aрманистон 1994 йилда КХШТга аъзо бўлиб, потенциал тажовузга қарши, айниқса, Тоғли Қорабоғдаги можаро муносабати билан унинг қўллаб-қувватлашини кутган. Бироқ сўнгги йилларда, айниқса, 2018 йилда ҳокимият тепасига бош вазир Никола Пашинян келганидан сўнг, арманларнинг ташкилот самарадорлигидан умидлари пучга чиққан.

2024 йилда Пашинян ҳатто Aрманистоннинг КХШТдан чиқиш режаларини эълон қилиб, ташкилот ўз мажбуриятларини бажармагани ва ҳақиқатда мудофаа механизми сифатида ўзининг муваффақиятсизлигини кўрсатганини иддао қилди. 2020 ва 2023 йилларда Озарбайжоннинг Қорабоғдаги ҳарбий амалиётлари чоғида КХШТнинг можарога аралашишдан бош тортганига жавобан шундай муносабат билдирди.

2024 йил октябр ойида Aрманистон расмий равишда КХШТ таркибида қолаётган бўлса-да, унинг ташкилотдаги амалдаги иштироки тўхтатилган, арман вакиллари эса алянс йиғилишларида камдан-кам иштирок этди. Бунинг ўрнига, мамлакат Ғарб билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва мудофаа бўйича келишувларга эга Франция билан ҳамкорликни оширишга эътибор қаратмоқда. Шунингдек, Арманистон минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун Эрон ва Ҳиндистон билан ҳамкорликни кўриб чиқмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, расмий Ереван Россиядан тўлиқ мустақилликка интиляпти, бироқ энергия ресурслари борасида Россияга иқтисодий қарамликдан қутула олмаяпти, ҳозирча.

Агар келажакда Aрманистон КХШТдан чиқиб кетса, бу Жанубий Кавказдаги кучлар мувозанатининг тубдан ўзгаришига олиб келиши мумкин. Бундай сценарийда Россиянинг минтақадаги таъсири заифлашади ва Ереван учун янги иттифоқчилик алоқаларини мустаҳкамлаш эшиклари очилади. Бироқ Россиядан тўлиқ мустақил бўлиши учун Aрманистон ҳали ҳам иқтисодиёт ва хавфсизлик билан боғлиқ бир қанча мураккаб масалаларни ҳал қилиши, Ғарб давлатлари, шунингдек, қўшни Озарбайжон билан янги дипломатик стратегияларни ишлаб чиқиши керак бўлади.

Ташқи сиёсатни диверсификациялаш – устувор вазифа

Aввало, Озарбайжон билан тинчлик шартномасини имзолаш, чегараларни тўлиқ делимитация ва демаркация қилиш, Aрманистон келажаги учун ҳал қилувчи қадам бўлади. Бу нафақат минтақани барқарорлаштириш, балки илгари ҳарбий эҳтиёжлар учун ажратилган ресурсларни бўшатиш ва уларни иқтисодий ривожланиш учун йўналтириш имконини беради. Тинчлик шартномасининг имзоланиши янги савдо йўлларини очиш ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш имкониятини ҳам беради. Жумладан, Aрманистонни Кавказни Европа ва Яқин Шарқ билан боғлайдиган муҳим логистика марказига айлантириши мумкин бўлган логистик коридорлар лойиҳаси бунга мисол.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Арманистон билан визасиз режим жорий этилиши кутилмоқда. Ташқи сиёсатдаги бу ғалаба арман бизнеси учун халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини очади ва мамлакатга келадиган сармоя оқимини рағбатлантириши мумкин. Бу, айниқса, Россия ва ЕИ ўртасидаги кескин муносабатлар фонида, Aрманистон Ғарб сармоядорларига янги логистика ва ишлаб чиқариш имкониятларини таклиф қилиши мумкин бўлган пайтда жуда муҳим. Натижада Европа бозори Aрманистон фуқаролари учун ҳам очилади, маданият ва билим алмашув учун шароитларни яхшилайди, шунингдек, ёш ва иқтидорли мутахассисларнинг четга кетиш кўламини камайтиришга ёрдам беради.

Шу билан бирга, Aрманистон ҳукумати Россия, ЕИ, AҚШ ва Эрон ўртасида стратегик мувозанатни сақлаши, ягона бир ташқи ҳамкорга устуворлик беришдан қочиши керак. Мазкур диверсификация стратегияси мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлайди ва унинг дипломатик обрўсини оширади.

ЕИ билан чуқурроқ интеграция, жумладан, яқинроқ савдо келишувларига ўтиш Aрманистон иқтисодиётига фойда келтириши ва фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаши мумкин. Бу Aрманистоннинг демократик стандартларга интилаётган давлат сифатидаги имижини ҳам мустаҳкамлайди.

Aрманистон ўзининг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш ва ўз манфаатларига эътибор қаратиш учун БМТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларда фаолроқ қатнашиши талаб этилади. Бу Aрманистоннинг мустақил сиёсат олиб бориш қобилиятини кўрсатади, БМТ ва ЕХҲТ каби ташкилотлардаги таъсирини кучайтиради ва Aрманистонга ўз манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш имконини беради.

Никол Пашиняннинг роли

Никол Пашинян Aрманистон ташқи сиёсатини қайта йўналтиришда муҳим рол ўйнади, мамлакатнинг янги стратегиясини янада мустақил бўлиш ва диверсификация билан боғлади. Бу Aрманистонга ҳамон мамлакат хавфсизлиги ва иқтисодиётида муҳим рол ўйнаётган, бироқ халқаро майдонда тобора ўз мавқеини йўқотаётган Россиядан ўзга ҳамкорлар излаш имконини берди. Aрманистон Пашинян кўмагида мувозанатли сиёсат олиб бормоқда, бунда Ғарб билан интеграция ва суверенитетни мустаҳкамлаш уни модернизация қилишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

Иқтисодий истиқболлар

Қайд этиш жоизки, Aрманистон ўзининг ноёб географик жойлашуви туфайли Шарқ ва Ғарбни боғловчи потенциал кўприк ҳисобланади. Мамлакат Европа, Яқин Шарқ ва Осиё бозорлари ўртасидаги боғловчи марказга айланиши ҳам мумкин. Aрманистон Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” ва Туркия орқали ўтадиган савдо йўлаклари каби логистика ташаббусларида иштирок этса, миллий иқтисодий тараққиётини янги босқичларга кўтара олади. Тўғри, Арманистон ҳукумати мамлакатни транзит хабга айлантириш учун инфратузилмани яхшилашни режалаштирилган, бироқ уларни амалга ошириш муҳим сиёсий барқарорлик ва қўшни давлатлар билан фаол ҳамкорликни талаб қилади.

Жаҳон банки ва маҳаллий агентликларнинг маълумотларига кўра, Aрманистон иқтисодиёти ишбилармонлик муҳитидаги ислоҳотлар ва сармояларнинг кўпайиши туфайли аллақачон ривожлана бошлаган. Келгуси йилларда логистика ва инфратузилмани яхшилаш бўйича лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилган тақдирда барқарор ривожланиш натижасида ЯИМнинг ўсиши 5-6 фоизга етиши мумкин. Транспорт тизимлари ва телекоммуникацияларни яхшилашга қаратилган ички ислоҳотлар, айниқса, ЕИ ва Яқин Шарқдан янада кўпроқ инвесторларни жалб этиши мумкин.

Илк қадам қўйилди

Aрманистонни буюк келажак кутяпти, аммо бу ҳозирги саъй-ҳаракатларни кучайтиришни талаб этади. Мамлакат Пашинян етакчилигида муҳим иқтисодий ва албатта ижобий ўзгаришлар арафасида турибди.

Aммо Aрманистон ривожланган, демократик давлатга айланиши учун чуқур ва кўп босқичли ўзгаришлар талаб этилади. Барқарор ривожланиш, демократик институтлар ролини кучайтириш, коррупцияга қарши кураш ва инновацияларга очиқлик, инфратузилмани такомиллаштириш ва ташқи сиёсатни малакали ташкил этиш Aрманистонга юқори турмуш даражасига эришиш ва халқаро майдонда тан олинишига хизмат қиладиган узоқ муддатли мақсадларнинг бир қисми холос.

Хулоса қилиб айтганда, Арманистон ҳали узоқ ва мураккаб йўлни босиб ўтиши керак. Танланган стратегиянинг муваффақияти кўп жиҳатдан мамлакат раҳбариятининг сиёсий иродаси ва жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишига ҳамда халқаро вазиятга боғлиқ. Бироқ Арманистон аллақачон буюк келажаги сари илк қадамларини ташлади. Энг муҳими шу: минг чақиримли йўл ҳам биринчи қадамдан бошланади.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+