Россия ва Украина энергетика объектларига зарба бермасликни муҳокама қилаётгани айтилди
Музокаралар Қатар воситачилигида ўтказилмоқда, дея ёзади Financial Times.
Россия ва Украина Қатар воситачилигида бир-бирининг энергетика инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатиш бўйича "дастлабки музокаралар"ни бошлади, деб ёзади Financial Times манбаларга асосланиб.
Музокаралар билан таниш бўлган дипломатнинг сўзларига кўра, бу" бирор нарсанинг қайта тикланиши ҳақидаги жуда эрта музокаралар"дир.
Москва ва Киев энергия объектларига ҳужумларни тўхтатиш бўйича Қатар воситачилигида "яширин музокаралар"ни бошлашни режалаштирган. Бу ҳақда август ойида The Washington Post манбаларига таяниб ёзган эди.
Томонлар" келишувга яқин эди", бироқ музокаралар Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятига бостириб кириши туфайли тўхтатилди, дея таъкидлайди FT.
“Туркия бизга энергия объектларига зарба бермасликни, атом энергетика объектларига ҳужум қилмаслик ва Қора денгиздаги фуқаролик тижорат флотига зарба бермасликни таклиф қилди. Президентимиз бир қарорга келди ва шундай деди: "Ҳа, келинг, шундай қарор қабул қилайлик", деган Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, Украина охир-оқибат келишувдан воз кечган.
Агар Украина ва Россия энергетика инфратузилмасига ҳужум қилмасликка келишиб олса, бу тинчликни янада яқинлаштиради, деган Украина президенти Владимир Зеленский.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Шойгунинг сўзларига жавобан" аниқ келишувлар бўлмаганини" таъкидлади.
"Энди Курск вилоятидаги вазият фонида қандайдир келишувларга эришиш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин", деди Песков.
FT маълумотларига кўра, ўтган йилнинг кузида Киев ва Москва бир-бирининг энергетика объектларига зарба бермаслик тўғрисида "сокин келишув"га эришган. Бироқ нефтни қайта ишлаш заводларига учувчисиз самолётлар томонидан қилинган ҳужумлар туфайли Россия томони бу келишувларни бузилган деб ҳисоблади, деб ёзади газета. Зеленский сентябрь ойида Россия зарбалари натижасида барча иссиқлик электр станциялари ва ГЭС қувватининг катта қисми вайрон бўлганини айтган эди. Мамлакат энергетика тизими 80 фоизга вайрон бўлган, дея таъкидлади Украина раҳбари ва миллионлаб украиналиклар қишда иссиқликсиз қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди.