Ўзбекистонда ер ва мол-мулк солиғи ошиши кутилмоқда
Юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғининг базавий ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилинмоқда.
Ўзбекистонда мол-мулк солиғи миқдорлари ошиши кутилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил учун давлат бюджети ҳамда солиқ сиёсати лойиҳаси (Бюджетнома)ни эълон қилинди. Бюджетнома 2025-2027 йилларга мўлжалланган Фискал стратегия асосида ишлаб чиқилган.
Мазкур ҳужжат лойиҳасига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий бюджет даромадларини ошириш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларнинг турар ва нотурар кўчмас мулк объектларига солинадиган мол-мулк солиғи ставкалари 10 фоизга индексация қилинмоқда.
Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан нотурар кўчмас мулк объектлари учун белгиланган энг кам қийматга туманларнинг иқтисодий ривожланишига қараб 0,5 гача бўлган камайтирувчи коеффициент қўллаш ҳуқуқи сақлаб қолинади.
Шу билан биргаликда юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғининг базавий ставкалари ҳам ўртача 10 фоизга индексация қилинмоқда.
Бундан ташқари таркибида шакар ва ширинлаштирувчи, хўшбўйлантирувчи моддалар бўлган ичимликларга ягона акциз солиғи солиш таклиф этилмоқда. Тамаки, алкогол, нефт маҳсулотлари, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари индексация қилинмоқда. Мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи бекор қилинади.
Шунингдек, ҳужжатга кўра, яқин истиқболда Ўзбекистон ЯИМсини 160 млрд доллар (аҳоли жон бошига 4 минг доллардан) етказиш режа қилинмоқда. Ўрта муддатга мўлжалланган давлат қарзини бошқариш стратегиясини амалга ошириш орқали давлат қарзининг ЯИМга нисбатини 50 фоиздан ошмаслигини таъминлаш мўлжалланмоқда.