Ўзагроинспекция Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди
Инспекцияга қўшимча вазифалар ҳам юкланди. Ташкилот соҳада давлат назоратини амалга ошириш ва ҳисоботларни юритиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштиришга масъул бўлади.
Ўзагроинспекция Ҳукумат бўйсунувига ўтказилди.
“Агросаноат мажмуида давлат назорати тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-164-сон, 22.10.2024 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (Ўзагроинспекция) Вазирлар Маҳкамаси бўйсунуви ўтказилди.
Инспекцияга қуйидаги қўшимча вазифалар юкланди:
-буғдойни қабул қилиш, сақлаш ва харидорларга юклаб жўнатиш жараёнида юзага келадиган табиий камайиш миқдорини ҳисобдан чиқаришни назорат қилиш;
-буғдой етиштирувчилардан харид қилинадиган буғдойни қабул қилиш ва сотиш жараёнларида стандарт талабларига кўра сифат кўрсаткичлари бўйича (мувофиқлик сертификати) ҳамда буғдой синфлари (сифат сертификати) бўйича сертификатлашни назорат қилиш;
-импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик ва кўчат материалларида гени модификацияланган организмларнинг (ГМО) мавжудлигини аниқлаш;
-барча корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати, уларнинг эксплуатация қилиниши самарадорлиги, шунингдек, сервис ва таъмирлаш хизматларининг сифати, қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини мажбурий ва даврий синовдан ўтказиш устидан назоратни амалга ошириш;
-соҳада давлат назоратини амалга ошириш ва ҳисоботларни юритиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш.
Эслатиб ўтамиз, Ўзагроинспекция шу вақтга қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида фаолият юритиб келган.