Самарқандда Ўзбекистон-Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилди
Унда икки давлат бош вазирлари, барча ҳудудлар вакиллари ҳамда форум доирасидаги давра суҳбатида 200 га яқин тадбиркор иштирок этди.
Самарқанд шаҳрида 22 октябр куни Ўзбекистон-Қозоғистон тўртинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов бошчилигида ўтган форумда икки мамлакатнинг барча ҳудудлари вакиллари ҳамда унинг доирасидаги давра суҳбатида 200 га яқин тадбиркор иштирок этди.
Ҳудудлар раҳбарлари ва тадбиркорлари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни ривожлантиришга қулай шароит яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган форумда сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги кўп асрли дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб, барча соҳаларда ижобий ўсиш кузатилаётгани таъкидланди.
Сўнгги 7 йил ичида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзаро савдо айланмаси деярли 2,5 баробар ўсиб, ўтган йили 4,4 миллиард долларни ташкил этди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида мингдан зиёд корхоналар, Қозоғистонда эса – 3 600 дан ортиқ Ўзбекистон капитали иштирокида корхоналар ўз фаолиятини юритмоқда.
Форумда мавжуд захиралардан самарали фойдаланган ҳолда, яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш чоралари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, бунда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришда ҳудудлараро алоқалар ҳақиқий ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, чегарадош ҳудудлар Қорақалпоғистон Республикаси Манғистау вилояти билан, Тошкент вилояти Туркистон вилояти билан, Навоий вилояти Қизилўрда вилояти билан тўғридан тўғри ва яқин алоқалар ўрнатган.
Чегарадош бўлмаган ҳудудлар ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаб, савдо-сотиқ ва саноат кооперация алоқаларини изчил ривожлантириб келмоқда.
Форумда ҳудудлар орасида ҳали ишга солинмаган катта салоҳият борлиги, қолаверса, тўғридан тўғри алоқаларни ривожлантиришга, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга ҳам қизиқиш жуда юқори экани таъкидланди.
Ўзбекистон-Қозоғистон тўртинчи ҳудудлараро форуми якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.