Шавкат Мирзиёев 23-24 октябр кунлари Россияга ташриф буюради
Президент Россия томони раислигида ўтказиладиган "БРИКС плюс" форматидаги ялпи сессияда нутқ сўзлаши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия раҳбари Владимир Путиннинг таклифига биноан 23-24 октябр кунлари БРИКС бирлашмаси давлатларининг саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қозон шаҳрида бўлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Россия томони раислигида ўтказиладиган "БРИКС плюс" форматидаги ялпи сессияда нутқ сўзлайди.
Учрашув кун тартибидан инклюзив ва барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Шунингдек, глобал сиёсатнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, ташриф дастурида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.
БРИКС бирлашмаси 2006 йилда ташкил этилган. Ҳозирда Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Миср ва Эфиопия унинг аъзоларидир.
Телеграмда кузатиб боринг!