Қирғизистонда қор кўчкиси тагида қолиб кетган олти жасад топилди
Жасадлар Жалолобод вилоятининг Чотқол туманидаги Оқсой водийсидан топилган.
Қутқарувчилар Қирғизистон тоғларида қор кўчкиси остида қолган олти кишининг жасадини топди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Биринчи қидирув гуруҳи учта қурбоннинг жасадини топди; кейинроқ қор кўчкиси бўлган Кумбел ҳудудидан яна учта жасад топилган.
Ҳалок бўлганларнинг жасадлари қариндошларига топширилади.
Қидирув ишларига Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 16 нафар қутқарувчиси ва Airbus H 145 вертолёти жалб қилинган.
Жасадлар Жалолобод вилоятининг Чотқол туманида Оқсой водийсида қор кўчкиси остида ғойиб бўлган фуқароларни қидириш ишлари доирасида аниқланган. 9 октябр куни 14 кишидан иборат гуруҳ тоғларга чиққан. Қидирув давомида саккиз киши топилган. Уларнинг хабар беришича, 14-октябр куни кечқурун қор кўчкиси олти киши ва 16 отни босиб кетган.