platina.uz

Беш юздан ошиқ овқатланиш муассасаларида турли камчиликлар аниқланди

Ўрганиш ишларида қамраб олинган 700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг 75 фоизида таомнома давлат тилида бўлмаган. 

Жамият
21 октябрь, 10:40
Беш юздан ошиқ овқатланиш муассасаларида турли камчиликлар аниқланди

500 дан ошиқ кафе ва ресторанларда турли камчиликлар аниқланди.

Рақобат қўмитасига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан умумий овқатланиш корхоналарида (ресторан кафе, ошхона ва буфет) кўрсатилаётган хизматларда санитария-гигиена талаблари бузилаётганлиги, нархларни ошириб қўллаш ҳамда таомномаларнинг давлат тилида тақдим этилмаётганлиги юзасидан 250 га яқин мурожаатлар келиб тушган.

Рақобат қўмитаси ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан ҳамкорликда республикада фаолият юритаётган 700 га яқин овқатланиш корхоналарида танланма асосида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Олиб борилган ўрганишларда, умумий овқатланиш субъектлари томонидан истеъмолчиларга хизмат кўрсатишда овқат тайёр бўлиш вақти, нархи ва тўлаш шартлари ҳақида тўғри тушунарли маълумот тақдим этмаслик, таомномаларда тайёр овқатларнинг ҳажмлари кўрсатилмаганлиги, йўл бўйида санитар қоидаларига номувофиқ жойларда овқат тайёрлаш, тайёр овқатни етказиб бериш, ташиш ва сақлашдаги муаммолар шулар жумласидандир.

Шунингдек, ўрганиш ишларида қамраб олинган 700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг:

524 тасида - (75%) таомнома давлат тилида эмас;

480 тасида - (69 %) иш режими кўрсатилмаган;

449 тасида - (65 %) нархномалар мавжуд эмас;

429 тасида - (62%) автотураргоҳлар мавжуд эмас;

519 тасида - (74,6 %) фавқулодда вазиятлари учун чиқиш йўлаклари мавжуд эмаслиги аниқланган.

Рақобат қўмитаси томонидан юқоридаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ваколатли органларга (Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси) тегишли тартибда маълумотлар киритилди.

Маълумот учун: Ушбу соҳани тартибга солувчи қуйидаги меъёрий ҳужжатларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун етарли асослар белгиланган:

-“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун;

- Вазирлар Маҳкамасининг 13.02.2002 йилдаги 75-сон қарорида Умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари;

- Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Адлия вазирлигидан 20.08.2022 йилда 104-рақами билан қайд этилган қарори билан тасдиқланган Умумий овқатланиш корхоналарига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари ва Умумий овқатланиш хизматлари Умумий овқатланиш корхоналари классификацияси ва умумий ГОСТ 30389-2013 талаблари.

- Соғлиқни сақлаш вазирининг Адлия вазирлиги томонидан 29.08.2012 йилда 2387-рақами билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низоми.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+