Жамшид Қўчқоровга фахрий унвон берилди
Президент фармони билан бош вазир ўринбосари "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи" фахрий унвони билан тақдирланди.
Бош вазирнинг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи" фахрий унвони берилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди.
Қўчқоров "давлат идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, мамлакатимиз мустақиллиги ва унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, молия тизимини халқаро андозалар асосида ривожлантириш ва янги босқичга кўтариш, муҳим дастурлар ва инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш борасидаги катта хизматлари, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси, соҳада малакали кадрларни тайёрлаш йўлидаги ибратли фаолияти" учун тақдирланди, дейилади хабарда.
Жамшид Қўчқоров 1964 йил 19 октябрь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Тошкент иқтисодиёт университети ва АҚШнинг Колорадо университети битирувчиси.
Меҳнат фаолиятини 1985 йилда бошлаган. Раҳбарлик лавозимларига 1996 йилдан бошлаб тайинланган. Шундан буён Ўзбекистон Марказий банки раисининг ўринбосари, Молия вазирининг ўринбосари, Молия вазирининг биринчи ўринбосари вазифаларини бажариб келган.
2017 йилда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, молия вазири бўлди. 2020 йилда иқтисодиёт ва саноат вазири этиб тайинланди.
2022 йилдан иқтисодиёт ва молия вазири.