Президент Зангиота ва Янгийўлдаги корхоналарни айланди
Зангиотадаги “Technologies of real time” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонаси Қозоғистон,Россия, Украина, БАА ва бошқа давлатларга 3 миллион долларлик эҳтиёт қисмлар етказиб берган. Янгийўл туманидаги “Тинчлик” кичик саноат зонасидаги қатор компаниялар ҳам кўздан кечирилди.
Президент Тошкент вилоятидаги қатор корхоналарга ташриф буюрди.
Давлат раҳбари Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Technologies of real time” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.
Автомобилсозлик мамлакатимиз саноатида йирик тармоқ. Сўнгги йилларда автомобиль ишлаб чиқариш қарийб 3 баробар кўпайиб, жорий йил якунида 460 минг донага етиши кутилмоқда. 2030 йилгача бу кўрсаткични 1 миллионтага етказиш режалаштирилган.
Соҳада монополияни йўқ қилиш ва рақобатни ривожлантириш мақсадида 2 та янги хусусий корхона ва нуфузли хорижий брендлар жалб этилди. Умуман, бугун 20 дан зиёд заводда ўнлаб турдаги автомобиллар, юк ва йўловчи ташиш транспортлари ишлаб чиқарилмоқда.
Шу боис тармоқда эҳтиёт қисмларга ҳам талаб кўп. Бу борада 300 дан зиёд корхона яхлит кооперацияга боғланган. Зангиотадаги “Technologies of real time” шулардан бири.
Президент 2019 йилда “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган халқаро саноат ярмаркасида мазкур корхона маҳсулотлари билан танишиб, зарур кўрсатмалар берган эди. Шу асосида модернизация ишлари амалга оширилди. Корхонадаги 12 та цехга Хитой, Россия, Корея Республикаси, Япония ва АҚШдан келтирилган ускуналар ўрнатилди. Бугунги кунда 118 хил русумдаги автомобилларнинг юриш, трансмиссия ва бошқарув тизимлари учун 750 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.
- Кўп деталлар маҳаллийлаштирилгани ҳозирча маъқул. Мутахассислар зўр бўлса, сифат ҳам, экспорт ҳам ошади, - деди Президент.
Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга корхонада эҳтиёт қисмлар қаторини кенгайтириш бўйича топшириқ берилди. Маҳсулотлар буюртма асосида Ўзбекистон бўйлаб етказиб берилади. Хусусан, “Ўзавто моторс”нинг Хоразм вилоятидаги заводига “Дамас” ва “Лабо” автомобиллари учун 773 минг дона эҳтиёт қисмлар етказиб берилган.
Товарларни техник текширув ва синовлардан ўтказиш учун замонавий лаборатория ташкил этилган. Корхона маҳсулотлари IATF 16949:2016, ISO 9001:2015, ISO 45001:2020 ҳамда “Женерал Моторс”нинг BIOS халқаро сифат сертификатларига эга.
Шу боис уларга хорижда ҳам талаб бор. Хусусан, ўтган йили Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Украина, Бирлашган Араб Амирликларига 3 миллион долларлик эҳтиёт қисмлар етказиб берилган. Жорий йилнинг тўққиз ойида 2 миллион доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинган.
Шунингдек, корхона Германия, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой ва Россияда бўлиб ўтадиган халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда.
Корхонада 220 та иш ўрни яратилган. Ходимлар шу ердаги курсларда ўқитилиб, кейин ишга қабул қилинади.
Давлат раҳбари заводдаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, мутахассислар билан мулоқот қилди. Корхона шоурумида тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Шу ерда келгуси режалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, 2025 йилда 1,15 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Натижада BYD, Chery, Changan, Geely avto, Dongfeng каби янги автомобиль брендлари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
Лойиҳа самарасида 43 та янги иш ўрни яратилади, ишлаб чиқариш қувватлари 180 мингдан, 280 минг донага етказилади.
Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Янгийўл туманидаги “Тинчлик” кичик саноат зонасида бўлиб, қатор корхоналар фаолияти билан танишди.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда бу каби мажмуаларнинг аҳамияти катта. Мазкур саноат зонаси тўрт йил олдин ўттиз олти гектар майдонда ташкил этилган эди. Муҳандислик инфратузилмаси, ички йўллар ва бинолар қурилиб, ишлаб чиқариш учун қулай шароит яратилди.
Бу ерга қурилиш материаллари, енгил саноат, озиқ-овқат тармоқларида ўн бешта лойиҳа жойлаштирилган. Шундан ўнтаси ишга туширилган. Уларда ўтган йили 295 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Жорий йил якунлари бўйича бу рақамни қарийб икки бараварга кўпайтириш мақсад қилинган. Ҳозирча бу корхоналарда 1 минг 500 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Барча лойиҳалар ишга тушса, бандлик яна ортади.
“Enter Steel” корхонасида металл конструкциялар, юқори босимга чидамли резервуарлар, юк кўтарувчи кранлар, бурғулаш ускуналари, пайвандлаш электродлари, металл эшик, электр қутилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Ушбу лойиҳанинг қиймати 40 миллион доллар бўлиб, унга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар йўналтирилган. Бу ерга Хитой, Япония, Россия, Туркия, Италия, Испания, Германия ва Нидерландия каби давлатлардан ускуналар келтирилган. Бу эса маҳсулотлар сифати ва иш унумдорлиги юқори бўлишига хизмат қилмоқда.
Корхонада жами 1 минг 500 кишини иш билан таъминлаш имкони бор. Зарур мутахассисларни тайёрлаш учун “Амалий мономарказ” ташкил этилган. Ўқув хоналари ва лабораториялар замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Таълим дастури эса Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Янгийўл туманидаги “Тинчлик” кичик саноат зонаси Тошкент вилояти иқтисодиётида ўзига хос ўринга эга. Бу ердаги корхоналарда маҳаллийлаштирилган, бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Аҳоли ва иқтисодиёт ўсиши билан энергия манбаларига талаб кўпаймоқда. Масалан, сўнгги тўрт йилда Тошкент вилоятида электр истеъмоли 20 фоиз ошган. Бу борадаги танқисликни қоплаш мақсадида умумий қиймати 1,5 миллиард доллар, қуввати 805 мегаваттдан ортиқ бўлган 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бунда “яшил” энергетика манбаларига кенг ўрин берилган. “Тинчлик” кичик саноат зонасидаги “Enter Green Solar” корхонасида бунинг учун зарур қуёш панеллари ҳамда турли хил кабеллар ишлаб чиқарилади.
Давлатимиз раҳбари саноат зонасига ташрифи чоғида мазкур лойиҳа билан ҳам танишди.
– Бундай юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқараётган маҳаллий корхоналаримизни қўллаб-қувватлаб, фаолиятини кенгайтиришига янада кўпроқ шароит яратишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Умумий қиймати 7 миллион доллар бўлган мазкур корхонага Италиянинг “Ecoprogetti” компанияси ускуналари ўрнатилган. Улар асосида йилига 377 минг дона юқори сифатли қуёш панели ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхонанинг ўзида ҳам қуввати 125 киловатт бўлган панеллар қўйилган. Бу ерда 100 киши меҳнат қилмоқда.
Давлати раҳбари шунингдек, Янгийўл туманидаги “Mesal Water Technologies” корхонасини кўздан кечирди.
Мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий дастурларда ичимлик суви ва оқова тармоқлари таъминотига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу масала тез ривожланаётган Тошкент вилояти шаҳаралари учун ҳам долзарб.
Хусусан, “Тошкент вилояти ичимлик суви ва оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳасининг 3-босқичи доирасида Чирчиқ, Олмалиқ, Ангрен ва Бекободдаги иншоотлар реконструкция қилинмоқда.
“Mesal Water Technologies” корхонасида шу каби сув тозалаш иншоотлари учун ўттиздан ортиқ махсус қурилма ва ускуналар ишлаб чиқарилмоқда.
Лойиҳага 1,7 миллион доллар маблағ йўналтирилиб, Хитой, Германия ва Туркиядан келтирилган энергия тежамкор технологиялар ўрнатилган. Корхона халқаро сертификатларга эга. 50 киши иш билан таъминланган.
Бундай корхоналар фаолиятининг кенгайиши аҳоли фаровонлиги ва саломатлигига ҳисса қўшиши таъкидланди.