Форс кўрфази давлатлари АҚШдан Исроилни Эронга ҳужум қилмасликка кўндиришни сўради
Улар вазият кескинлашса, араб давлатлари нефт объектлари Теҳрон ва унинг иттифоқчилари ҳужумига учраши мумкинлигидан қўрқмоқда, дея ёзади Reuters.
Форс кўрфази давлатлари АҚШни Исроилга босим ўтказиб, Эрондаги нефт объектларига ҳужум қилмасликка кўндиришга чақирмоқда. Улар можаро авж олган тақдирда ўз энергия иншоотлари Теҳроннинг иттифоқчилари томонидан ҳужумга учраши мумкинлигидан қўрқмоқда, дея ёзади Reuters.
Агентлик бу ҳақда минтақа мамлакатларидаги манбаларга асосланиб хабар берди. Уларнинг маълумотларига кўра, худди шу сабабга кўра Саудия Арабистони, БАА ва Қатар Исроилга ўз ҳаво ҳудудидан Эронга қарши ҳар қандай ҳарбий амалиётлар учун фойдаланишни тақиқлаган ва бу ҳақда Вашингтонни хабардор қилган.
Бу Теҳрон Ар-Риёдни Эронга ҳужумда Исроилни қўллаб-қувватласа, Саудия Арабистони нефть иншоотлари хавфсизлигини кафолатлай олмаслиги ҳақида огоҳлантирганидан кейин содир бўлди.
Манбаларнинг тушунтиришича, Форс кўрфази давлатлари "америкалик ҳамкасблари билан алоқада", яҳудий давлатининг Эронга эҳтимолий ҳужуми кўлами ва оқибатларидан хавотир билдирмоқда.
Хусусан, Саудия Арабистони вазият янада кучайиб кетишининг олдини олиш учун АҚШ билан мудофаа вазирлиги даражасида алоқани давом эттиради.
" Агар нефт нархи бир баррель учун 120 долларгача кўтарилса (Эрон Форс кўрфази монархияларининг нефт объектларига ҳужум қилган тақдирда ), бу Америка иқтисодиётига зарар етказади ва Камала Харриснинг ғалаба қозониш имкониятларини камайтиради. Шунинг учун америкаликлар нефть урушининг кенгайишига йўл қўймайди", — дея манбалардан бирининг сўзларини келтиради агентлик.
Бошқа суҳбатдошлар таъкидлаганидек, Форс кўрфази давлатлари ўз нефт инфратузилмасини ҳимоя қилишга қаратилган ҳам ҳарбий, ҳам дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда ва Теҳронга "хавф туғдирмаслигига" ишонтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, октябр ойи бошида Эрон Исроилга юзлаб ракеталар учирган ва яҳудий давлати ҳам жавоб зарбаси билан таҳдид қилганди.