Alfraganus университети халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда
Анжуманда дунёнинг 34 давлатидан 100дан ортиқ экспертлар, етакчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадбиркорлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишмоқда.
10-11 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг Банкокдаги минтақавий ваколатхонаси томонидан “Ёшлар келажаги ва таълимда тадбиркорлик” мавзусида 10-Таълимда тадбиркорлик UNESCO-APEID (ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани минтақасида таълим инновацияларини ривожлантириш тармоғи) кенгаши йиғилиши ўтказилмоқда.
Мазкур нуфузли анжуманга ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон миллий комиссияси билан ҳамкорликда пойтахтимизда фаолият юритиб келаётган Alfraganus университети мезбонлик қилмоқда.
Анжуманнинг асосий мақсади ёшлар ўртасида барқарор ривожланиш, иқтисодий ўсиш ва инновациялар учун ҳал қилувчи омил сифатида тадбиркорлик кўникмаларини ва тафаккурини ривожлантириш, ЮНЕСКОнинг Тадбиркорлик таълими тармоғи (EE-Net) доирасида халқаро ва маҳаллий экспертлар, тадбиркорлар ва ёшлар иштирокида мавзуга оид масалаларда муҳокамалар, ҳамда ёшларда тадбиркорлик компетенцияларини шакллантириш ва ривожлантириш учун самарали тадбиркорлик таълими стратегияларини ишлаб чиқишдан иборат.
Анжуманда дунёнинг 34 давлатидан 100дан ортиқ экспертлар, етакчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадбиркорлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, мамалакатимизда фаолият юритаётган 200дан ортиқ олий таълим муассасалари ректорлари, академиклар, профессор-ўқитувчилар, етакчи тадбиркорлар иштирок этишмоқда.