Чиқиндилар бўйича агентлик ташкил этилади
Агентлик Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази негизида тузилади.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилади. Бу ҳақда 26 сентябрда президент фармони имзоланган.
Фармонга кўра, агентлик чиқиндилар билан ишлаш масалаларида аҳоли ва санитар тозалаш корхоналари ўртасида боғловчи бўғин сифатида Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази негизида тузилади.
Агентлик чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ягона меъёрлар ва стандартларни ишлаб чиқувчи, синовдан ўтказувчи ва амалиётга татбиқ этувчи, ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштирувчи ҳамда чиқиндиларни бошқариш соҳасига тааллуқли давлат мулкини бошқарувчи масъул давлат органи ҳисобланади.
Шунингдек, 2025 йил 1 мартдан санитар тозалаш корхоналари фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини аниқлаш мезонлари тасдиқланади.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан ҳудудларда чиқиндилар билан ишлаш даражасини ошириш ҳамда бу борада очиқликни таъминлаш, жамоатчиликнинг ролини ошириш, тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида қайта алоқани тўлиқ йўлга қўйишни назарда тутувчи қуйидагилар амалга оширилади:
- чиқиндилар билан боғлиқ хизматларни тадбиркорларга бериш юзасидан ўтказиладиган тендер жараёнини онлайн кузатиш имкониятини яратиш;
- санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқинди тўплаш шохобчаларига видеокузатув камераларини ўрнатиш ва шохобчалар фаолиятини аҳоли томонидан кузатиш имкониятини яратиш;
- чиқиндиларни ташиш билан шуғулланувчи барча махсус техникаларга онлайн кузатув (GPS) тизимини ўрнатиш;
- санитар тозалаш корхоналари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва кўлами бўйича шикоятларни қабул қилиш ҳамда санитар тозалаш корхоналари билан қайта алоқа қилиш учун “Call марказ” фаолиятини йўлга қўйиш;
- санитар тозалаш корхоналари хизмат кўрсатувчи ҳудудларнинг географик чегараси ҳамда аҳоли ва юридик шахсларга бириктирилган чиқиндиларни йиғиш майдончалари (контейнер) жойлашуви тўғрисида аниқ маълумотлар бериш;
- абонентларнинг ҳосил бўлган чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш графигини кўрсатиш.