Дуров Телеграмдаги жиноятчилар маълумотлари расмийларга тақдим этилаётганини маълум қилди
Ўзбекистон расмийларидан ҳозирча ушбу масалада сўров келиб тушмаган.
Телеграм мессенжери асосчиси Павел Дуров жиноятчиларнинг IP-манзиллари ва телефон рақамларини ошкор қилиш анчадан бери йўлга қўйилганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Телеграм-каналида ёзган.
"Махфийлик сиёсатимизга кўра, 2018 йилдан бери Телеграм кўпчилик мамлакатлардаги жиноятчиларнинг IP-манзиллари ва телефон рақамларини расмийларга ошкор этиши мумкин эди.
Тегишли алоқа линиялари орқали биз қонуний сўров олганимизда, биз уни текширамиз ва хавфли жиноятчиларнинг IP манзиллари ёки телефон рақамларини ошкор қиламиз. Бу жараён анча олдин мавжуд эди", — деди Дуров.
"Мисол учун, Бразилияда биз 2024 йилнинг биринчи чорагида (январь-март) 75 та, 2-чоракда 63 та ва 3-чоракда 65 та юридик сўровлар бўйича маълумотларни ошкор қилдик. Энг йирик бозоримиз бўлган Ҳиндистонда биз 1-чоракда 2461 та, 2-чоракда 2151 та ва 3-чоракда 2380 та юридик сўровни қондирдик", дея ёзади мессенжер асосчиси.
Ўзбекистондан Телеграмдаги жиноятчилар маълумотлари масаласида сўров келиб тушмаган.
Эслатиб ўтамиз, Дуров айни пайтда Францияда бўлиб турибди. У августда қўлга олинганди.