КХДР Жанубий Кореяга қарата икки юздан ошиқ снаряд отди
Аввалроқ Ким Чен Ин "Вашингтон ва Сеулни йўқ қилиб юбориш" билан таҳдид қилганди.
Шимолий Корея томони Жанубий Кореяга 200 дан ошиқ снаряд отгани хабар қилинмоқда. Жанубий Корея ҳукумати эвакуация эълон қилди.
Шимолий Корея Жанубий Корея билан чегара яқинида 200 дан ортиқ артиллерия ўқларини отган ва натижада Жанубий Кореянинг икки ороли аҳолисини эвакуация қилиш буйруғи берилган. Жанубий Корея бу каби ҳаракатлар тинчликка таҳдид солаётганини ва "жавоб бўлиши"ни айтди.
"Шимолий Корея ҳарбийлари Чангсан-гот ҳудудида 200 дан ортиқ ўқ узди", - дейилади Корея Республикаси Мудофаа вазирлиги брифингда
ОАВ маълумотларига кўра, снарядлар Сариқ денгизга, икки давлат ўртасидаги амалда чегара бўлган Шимолий демаркация чизиғига тушган.
“Бу Корея ярим оролида тинчликка таҳдид соладиган провокацион ҳаракатдир. Шимолий Корея инқирознинг кучайиши учун тўлиқ жавобгар ва биз уларни бу ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз”, — дея қўшимча қилди Корея Мудофаа вазирлиги.
2010 йилнинг ноябрида ҳам Пхенян Еонпёнг оролига 170 та артиллерия ўқ узганди, натижада тўрт киши, жумладан, икки тинч фуқаро ҳалок бўлганди.
Бироз аввалроқ эса КХДР лидери Ким Чен Ин" Вашингтон ва Сеулни йўқ қилиб юбориш" билан таҳдид қилганди.