Қирғизистонда амалдорларга автобусда юришга кўрсатма берилди
Президент маъмурияти Бишкек мэриясининг хизматчиларнинг шахсий автомобиллардан фойдаланишини чеклаш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаган.
Қирғизистонда амалдорларга ишга автобусда боришга кўрсатма берилди.
Президент маъмурияти Бишкек мэриясининг муниципал хизматчиларнинг шахсий автомобиллардан фойдаланишини чеклаш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади, деб ёзади 24.kg нашри.
Кўрсатма вазирлик ва идораларга юборилган – ходимларга сешанба ва пайшанба кунлари жамоат транспортидан фойдаланиш тавсия этилади.
“Бу ташаббус шаҳардаги транспорт ҳолатини яхшилаш, жамоат транспортига бўлган талабни ошириш ва йўллардаги тирбандликни камайтиришга қаратилган" дейилади расмий изоҳда.
Шаҳар ҳокимияти ушбу қоидани 2024 йил май ойида ўз ходимлари учун жорий қилган ва аллақачон чекловга риоя қилмаган ходимларни жазоламоқда.