10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишни тақиқлаш таклиф этиляпти

Тупроқнинг сиқилиши, илдизларнинг тарқалиши учун чекланган жой ва ўзгарувчан намлик даражаси каби стресс омиллар ўтиш босқичида ёши катта дарахтлар дуч келадиган қийинчиликларни кучайтириши мумкин.

Сайлов-2024
18 сентябрь, 18:19
10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишни тақиқлаш таклиф этиляпти

Глобал иқлим ўзгаришлари, атроф-муҳит ифлосланиши, сув ресурслари танқислиги, биохилма-хиллик қисқариб бораётгани экологияга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, мамлакатимизда ҳам экологияни яхшилаш, айниқса, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янада оммалаштириш, экология соҳасида илғор технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада, Ўзбекистон Экологик партияси бир қатор амалий ғоя ва ташаббусларни илгари сураётир. Шулардан бири илмий жиҳатдан асосланган “10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишни тақиқлаш” таклифидир.

Катта ёшли дарахтларни кўчириш турли ландшафт дизайни ёки шаҳарнинг ривожланиш эҳтиёжларини қондириши мумкин бўлсада, бу дарахтларнинг саломатлиги ва яшаб қолиши нуқтаи назаридан салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Тадқиқотлар кўрсатадики, кўпроқ йил яшаган кекса дарахтлар кўчириб экилгандан кейин илдизлари янги муҳитга мослашишда сезиларли қийинчиликларга дуч келади, бу эса уларнинг узоқ муддатли ўсиши ва ҳаётийлиги учун зарур бўлган барқарор илдиз тизимини яратиш қобилиятига тўсқинлик қилади. Кўчирилган дарахтнинг илдиз тизимини қайта тиклаш катта ёшли дарахтлар учун анча узоқ давом этади, бунда илдизнинг лозим даражада мослашуви кўпинча бир вегетация давридан ошиб кетади, шу билан уларнинг нотаниш тупроқ ва иқлим шароитларида яшаб қолиши қийинлашади.

Халқаро тажрибалардан маълум бўладики, тупроқнинг сиқилиши, илдизларнинг тарқалиши учун чекланган жой ва ўзгарувчан намлик даражаси каби стресс омиллар ўтиш босқичида ёши катта дарахтлар дуч келадиган қийинчиликларни кучайтириши мумкин.

Айрим ободонлаштириш ёки қурилиш лойиҳаларида ёши катта дарахтларни кўчириш зарур бўлса-да, бу амалиёт билан боғлиқ хавфлар, айниқса, 10 ёшдан ошган дарахтлар учун мавжуд бўлиб қолаверади.

Тадқиқотлар, айниқса, шаҳар шароитида кўп йиллик дарахтларни сақлашга устувор аҳамият бериш, улар бошдан кечирадиган кўп сонли стрессларни тан олиш муҳимлигини кўрсатади. Хусусан, шаҳардаги манзарали дарахтлар популяцияларини сақлашга эътибор бериш лозим, чунки улардан ажралиш дарахт турлари хилма-хиллигининг камайиб кетишига олиб келади.

Партиянинг ушбу таклифи ҳар жиҳатдан асосланган бўлиб, унинг ҳаётга татбиқ этилиши, аввало, ёши катта дарахтларни сақлаб қолишга, бу орқали эса яшиллик – тоза ҳавони таъминлашга ёрдам беради.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+