Энди мактабларда ҳам боғча қурилиши мумкин
Президентга тақдим этилган лойиҳада давлат-хусусий шериклик асосида иш ташкил этилиши белгиланган.
Қамровни кенгайтириш мақсадида мактабларнинг бўш ерларида давлат-хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат берилиши мумкин. Шавкат Мирзиёев мактабгача таълимни ривожлантириш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Қайд этилишича, давлат дастури асосида ишлаб чиқилган ўқув-методик материаллар ҳамма боғчаларда ҳам тўлиқ эмас. Нодавлат муассасалар интернет манбаларидан фойдаланмоқда. Шунинг учун энди барча дастурлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг веб-сайтида жойлаштирилиши ва ундан бепул фойдаланилиши белгиланмоқда. Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида “Боланинг ривожланиш харитаси”ни юритиш вазифаси қўйилмоқда.
Боғчалардаги педагогларнинг катта қисми ўрта махсус маълумотли ва соҳада малака оширишнинг ҳозирги муддати беш йилда бир марта бўлгани учун жараённи жадаллаштириш мақсадида малака курслари оралиғида “Методик маҳорат соати” ва “Методик маҳорат куни” тадбирларини ўтказиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, бу йўналишдаги олий таълимда дуал таълим шаклини очиш, сиртқи ва кечки ўқувларда мақсадли квоталарни ошириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, давлат боғчаларида давомат, озиқ-овқат харажатлари қоғоз шаклида тўлдирилмоқда. Энди биометрик идентификация қилиш технологиясини қўллаган ҳолда ҳисоботларни рақамлаштириш талаби қўйилмоқда.
Тақдимотда иқтидорли ёшлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди. Халқаро фан олимпиадалари иштирокчиларини 5-8-синфлардан бошлаб саралаб олиш йўлга қўйилади. Ҳар бир фан бўйича ўқув дастурлари, адабиётлар, методик тавсияларва қўлланмалар такомиллаштирилиб, ўқувчи ва мураббийларга етказилади. Терма жамоаларга чет эллик мутахассислар жалб қилинади, хорижий жамоалар билан қўшма йиғинлар ўтказилади.
Бугунги кунда 22 та халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар пул мукофоти билан тақдирланмоқда. Энди мукофотланадиган олимпиадалар сони 28 тага оширилади. Республика ва халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари ва терма жамоа раҳбарларига тўланадиган пул мукофотлари ҳамда совғалар даромад солиғидан озод этилади.