Украинанинг Курскка ҳужумида 30 нафардан ошиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди
143 киши турли даражадаги жароҳатлар олган.
Украина қуролли кучларининг Россиянинг Курск вилоятига уюштирган ҳужуми натижасида ҳалок бўлганлар сони 31 кишига етди, яна 143 киши жароҳат олди.
Бу ҳақда ТАСС агентлиги тиббиёт хизматларига асосланиб хабар бермоқда.
Аввалроқ 17 киши ҳалок бўлгани ва 140 дан ортиқ жароҳат олгани маълум эди.
"21 август куни эрталаб Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятига уюштирган ҳужуми натижасида 31 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди, 143 киши турли даражадаги жароҳатлар олди", — деди агентлик суҳбатдоши.
Унинг сўзларига кўра, 79 жабрланувчи шифохонага ётқизилган, улардан тўрт нафари болалардир.
20 август, сешанба куни тиббий хизматлар 17 киши ҳалок бўлганини, 140 дан ортиқ жабрланганлардан 75 нафари касалхонага ётқизилганини маълум қилди.
Украина қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужуми 6 августга ўтар кечаси бошланган ва шундан буён минтақада жанглар давом этмоқда. Ушбу фонда Мудофаа вазирлиги мунтазам равишда Россия Қуролли Кучлари Украина қўшинларининг" босқинчилик уринишини қайтаришда" давом этаётгани ҳақида хабар бермоқда. Лекин Украина кучларини тўлиқ сиқиб чиқариб бўлмаяпти.
Курск вилояти раҳбари вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов 12 август куни давлат раҳбари Владимир Путинга Украина Қуролли кучлари 28 та аҳоли пунктини назоратга олгани, уларда 2 мингга яқин аҳоли қолгани ҳақида хабар берди.