Илҳом Алиев Ўзбекистонга келади
Икки давлат раҳбарлари бизнес вакиллари билан учрашув ўтказиб, қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раислигида олий даражадаги музокаралар ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилиши режалаштирилган.
Саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, кооперация лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш, ишбилармонлик алоқаларини, шу жумладан ҳудудлараро алмашинувни ривожлантириш, транспорт-коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш ва бошқа масалалар диққат марказида бўлади.
Президентлар икки мамлакат бизнеси вакиллари билан учрашув ўтказиши, қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этиши ҳам кўзда тутилган.