Тошкентда доимий яшаш бўйича фуқаро тоифалари бекор қилиняпти
Уй олганда, яқин қариндошлар ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатдаги тоифаларга барҳам берилади.
Ички ишлар вазирлиги 2011 йилда қабул қилинган Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон фуқаролари тоифалари ҳақидаги қонунни бекор қилиш бўйича лойиҳа тайёрлади.
Унга кўра, эндиликда бундай тоифалар бекор қилинади, барча фуқароларга доимий яшаш бўйича қўйилган чекловлар олиб ташланади. Қонунчилик палатаси депутатлари бу лойиҳани биринчи ўқишда қабул қилдилар.
Янги тартибга кўра, Тошкентга келган фуқаролар соддалаштирилган тартибда турар жойи ҳақида хабар беради.
Амалдаги тартибда 12 турдаги тоифа билан пойтахтда рўйхатда туриш чекланган. Улар қуйидагилар:
уй-жойга эга бўлган фуқаролар;
- қариндошлар;
- васийлик ва ҳомийликдаги шахслар ҳамда оилага тарбияга олинган (патронат) болалар;
- ота-онаси бўлмаган вояга етмаган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз бўлган ҳамда ўз оиласи бўлмаган вояга етган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар;
- эр (хотин) – хотини (эри);
- Тошкент шаҳрида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар;
- Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар;
- илгари Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар;
- Олий Мажлис палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёхуд Президент билан келишилган ҳолда лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари;
- давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайланган фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари;
- давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра;
- Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат ҳокимияти органларида, давлат бошқаруви органларида, хўжалик бирлашмаларида ва бошқа давлат ташкилотларида беш йил мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини олиб бораётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари), шунингдек уларнинг оила аъзолари;
- уй-жой билан таъминланган ҳарбий хизматчилар, шунингдек уларнинг оила аъзолари.
Эслатиб ўтамиз, бу лойиҳа яна 2 ўқишда қабул қилиниши, кейин Сенатга юборилиши, Сенатда тасдиқланиши ва кейин президент томонидан имзоланиши керак бўлади.