platina.uz

Тадбиркорларни жиноий жавобгарликка тортиш янада либераллаштирилади

100 миллион сўмдан ошиқ солиқ қарзи бор тадбиркорлар жиноий жавобгарликка тортилади. Бу миқдор 2 баробарга оширилиши таклиф этилди. 

Жамият
20 август, 16:35
Тадбиркорларни жиноий жавобгарликка тортиш янада либераллаштирилади

Президент ва тадбиркорлар очиқ мулоқотида тадбиркорларни жиноий жавобгарликка тортишни янада либераллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Масалан, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, деган жиноят тури бор. Бунда тадбиркор тўламаган солиқ 100 миллион сўмдан ошса, жиноятчи бўлиб қолмоқда.

Шу боис, солиқ тўламаганлик учун тадбиркорга жиноят иши қўзғатишга асос бўладиган миқдорни 2 бараваргача ошириш таклиф қилинди.

Президент тадбиркорлар ушбу берилаётган енгилликни, билдирилаётган ишончни суиистеъмол қилмаслигига умид билдирди.

Кредит олди-бердисида банк ҳам, тадбиркор ҳам таваккал қилади. Лекин, амалиётда банкнинг ҳуқуқ ва ваколатлари тадбиркорга нисбатан анча кўпроқ.

Масалан, кредит вақтида қайтмаса, гаровга қўйилган мулк шартнома тузилган пайтдаги қийматида сотувга чиқарилади. 3-4 йил олдин кредит олинганда 100 миллион сўмга баҳоланган мулкнинг бугунги нархи 30-40 фоиз қимматлашса, уни қандай қилиб эски қийматида сотиш мумкин, дея савол қўйди Президент.

“Тўғри, муаммоли кредит билан қаттиқ шуғулланиш керак, лекин бу тадбиркорни “тугатиш” ҳисобидан бўлмаслиги зарур”,

- деди давлат раҳбари.

Эндиликда гаровдаги мулкни савдога чиқаришдан олдин унинг ҳозирги бозор қиймати аниқланадиган, қайтмаган қарздорлик гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлса ундирув мулкка қаратилмайдиган тизим яратилади. Банк мижозига қарзни бошқа манба ҳисобидан қоплашга имкон беради.

Кўчмас мулк бузилиши бўйича компенсация тўлашда ҳалигача муаммолар борлиги қайд этилди.

Ҳозирда ушбу харажатлар вилоят бюджети ҳисобидан қопланаяпти. Лекин айрим вилоятлар бюджетида маблағ кам қолаётгани учун тадбиркорнинг пулини қоплаб бериш 5-6 йилга чўзилиб кетмоқда.

Эндиликда ер савдосидан тушган маблағлар аввало бузилишлар бўйича тадбиркорлардан қарзни сўндиришга қаратилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+