platina.uz

Президент тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда: тафсилотлар

Тадбиркорлар учун микрокредитлар миқдори 3 карра оширилиб, 300 миллион сўмга етказилади. Бунда кредитнинг 100 миллион сўмгача бўлган қисмига гаров талаб қилинмайди.

Иқтисод
20 август, 13:50
Президент тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда: тафсилотлар

Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда.

Президентдан бошлаб Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман – барча-барча раҳбарлар йил бўйи тадбиркор билан доимий мулоқотда бўлди, дейилади хабарда.

Тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланди, 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилди.

Энг муҳими – маҳалладаги микролойиҳадан тортиб, мегалойиҳагача қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилди.

Илгари кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз “текшир-текширлар” сабабли 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилнинг ўзидаёқ тўхтаб қолар эди.

Ҳозир эса уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этиб, илк бор 300 мингтага етди. Яна 100 мингдан зиёд шундай якка тартибдаги тадбиркорлар бор.

Бу йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди.

Йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди.

Айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошди. Бу ҳам ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп бўлди.

Солиқ, банк, молия, бутун иқтисодиёт комплекси “маҳаллабай” ва “мижозбай” ишлашни бошлагани натижасида олдин зарар билан ишлаган 16 минг корхона ярим йилда 6,5 триллион сўм фойдага чиқди.

Бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди.

Хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар 1 миллиондан ошди. Шундан 370 минги 10 миллион сўмдан зиёд ойлик олади.

Булар тадбиркорлар “сояда” ишлашдан кўра қонуний фаолият, соғлом рақобатни манфаатли деб билаётганидан далолат.

Тадбиркорлик рейтингида “А” ва “Б” – яхши тоифага кирувчи корхоналар 91 мингга кўпайди, яна 170 минг корхона “Д” – энг ёмон тоифадан чиқарилди. Бунинг ҳисобига солиқ текширувлари ўтган йилга нисбатан 2 карра, жумладан, камерал текширувлар 3 карра қисқарди.

Шу даврда йирик солиқ тўловчилар тушумлари 10 фоизга, вилоят даражасидаги корхоналарда 25 фоизга, туман тадбиркорлари тўлаётган солиқлар 40 фоизга ўсди.

Президент тадбиркорлик учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича муҳим янги ташаббусларни илгари сурди.

Биринчи йўналиш – кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтириш.

Ўтган йили кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш учун янги тизим жорий қилинган эди. Бу борада Бизнесни ривожлантириш банки ва Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ташкил этилиб, йил бошидан 35 мингдан ортиқ тадбиркорларга жами 3,5 триллион сўм микрокредитлар ажратилди.

Бундан ташқари, “Бизнесга биринчи қадам” дастури бўйича тадбиркорликни энди бошлаётган 115 минг аҳолига 1 триллион сўмлик микроқарзлар берилди.

Эндиликда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда барча банклар ва микромолия ташкилотлари иштирок этиши мумкин бўлади.

Масалан, 100 миллион сўмгача микрокредит бор-йўғи 9 фоиз тадбиркорларнинг эҳтиёжи учун етарли эканлиги маълум бўлди. Шу боис, микрокредитлар миқдори 3 карра оширилиб, 300 миллион сўмга етказилади. Бунда кредитнинг 100 миллион сўмгача бўлган қисмига гаров талаб қилинмайди.

Бу мақсадга бир йилда 10 триллион сўм берилади.

Энди Тадбиркорлик компаниясининг филиали ҳар бир вилоятда ташкил қилинади. Компания ва унинг филиаллари ҳудудларда салоҳияти бор тадбиркорларни аниқлайди.

Микромолия бозори учун йўл очиб берилди. Масалан, ўтган етти ойда 91 та микромолия ташкилоти 6,6 триллион сўмлик молиявий хизматлар кўрсатди ва йил якунигача бу рақам 12 триллион сўмга етказилади.

Микромолия хизматларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш давом эттирилади.

Уларга жорий йилдаги 1,6 триллион сўмга қўшимча 1 триллион сўм ресурс ажратилади.

Шу билан бирга, устав капитали камида 50 миллиард сўм бўлган микромолия банкларини ташкил этишга рухсат берилади.

Ушбу банклар кредит портфелининг камида 70 фоизи кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришга йўналтирилади.

Ўтказилган сўровда тадбиркорларнинг 38 фоизи ислом молияси асосида ресурс олиш истагини билдирган.

Ўтган ойда микромолия ташкилотларига исломий шартлар асосида хизмат кўрсатишга рухсат берилди.

Тайёрланган янги қонун лойиҳаси қабул қилинса, ислом молияси билан банклар ҳам ишлаши мумкин бўлади.

Бу – янги молиявий хизматлар тақдим этилиши, кўп инвесторлар кириб келиши ва 5 миллиард долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига туртки беради.

Давлат банклари берган кредитнинг 92 триллион сўми ёки 30 фоизи 10 та йирик давлат корхонасига тўғри келади.

Йирик корхоналар трансформация қилинмоқда, молия бозорларига мустақил чиқиб, ўзи маблағ жалб қилишга ўргатилмоқда.

Масалан, “Узбекнефтегаз”, “Узавтосаноат” 1 миллиард доллардан ортиқ евробонд чиқарди. Навоий комбинати ҳам четдан ўзи бонд олиб келишга тайёргарлик кўрмоқда.

Энди давлат жалб қилган маблағларни йирик корхоналарга бериш амалиётидан босқичма-босқич воз кечилиши таъкидланди.

Бундай маблағларни бериш икки йил ичида камида 40 фоизга қисқаради. Банклар бунинг ҳисобидан камида 30 триллион сўмни хусусий бизнесга йўналтиради.

Эндиликда тадбиркор аукциондан ер сотиб олганда унга қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш бекор қилинади.

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сотилган ер бўйича харид суммасини уч йилгача, қолган ҳудудларда беш йилгача, 4 ва 5-тоифа туманлар учун эса ўн йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади. Энди тадбиркорлар дарҳол тўлов қиламан деса, 20 фоизгача чегирма берилади.

Янги ерларни ажратишда биноларни лойиҳалашдан объектни топширишгача бўлган муддатлар мажбурий кўрсатилади.

Бунда қурилиш даврига ер солиғи бўйича 50 фоиз имтиёз берилади (вилоят марказларидан ташқари). Қурилишга рухсат олиш муддати давлат органи айби билан ўтказиб юборилса, қурилиш вақти шу муддатга узайтириб берилади. Муддатида бўлмаса, ер суд орқали қайтариб олинади ёки бошқа тадбиркорга сотилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+