Президентга қарийб 2 млрд долларлик лойиҳалар тақдимот қилинди
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда йирик энергетик лойиҳаларга старт берди, IT-марказ ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига борди.
Президент Қорақалпоғистонга ташрифи давомида қатор объектларга борди.
Охирги 7 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 17 триллион 800 миллиард сўмлик 6 минг 784 та лойиҳа амалга оширилган.
Уларнинг натижасида 56 мингта иш ўрни яратилган. Шу даврда 2 миллиард 815 миллион долларлик экспорт қилинган. Бу йил республикада умумий қиймати 874 миллион долларлик 470 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бу изчил давом эттирилиб, Қорақалпоғистонда хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 9,5 миллиард долларлик 124 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан қарийб 1 миллиард 800 миллион долларлик 10 таси давлат раҳбарига тақдимот қилинди.
Лойиҳаларга Хитой, Саудия Арабистони, Германия, Россия, Испания каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Улар энергетика, иссиқлик таъминоти, тоғ-кон ва кимё саноати, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олган.
Масалан, Саудия Арабистони билан ҳамкорликда Нукус шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш, Испания инвестицияси иштирокида Қораўзак туманида қуёш ва шамол электр станциялари қуриш, германиялик инвесторлар томонидан Нукус туманида мисни қайта ишлаш ва кабеллар ишлаб чиқариш лойиҳалари режалаштирилган.
Мазкур 124 та лойиҳа натижасида 20 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.
Давлат раҳбари ишбилармонларга ҳар томонлама мададкор бўлиб, лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Қорақалпоғистон Республикасида шамол электр станциялари ва саноат корхоналари қурилиши бошланди, савдо мажмуалари ишга туширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ривожи ҳақида сўзлади.
Бунинг учун ҳудудда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги беш йилда саноат, тадбиркорлик ва инфратузилма соҳаларида 50 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилган. Хусусан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тўғридан-тўғри ер ажратиш ҳуқуқи фақат Қорақалпоғистонда жорий қилинган. Қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларга инфратузилма ҳам тортиб берилмоқда.
Имтиёзлар ҳисобига ўтган даврда тадбиркорлар ихтиёрида 2 триллион сўмдан зиёд маблағ қолган.
Ҳудудда ишбилармонлик инфратузилмасини яхшилаш учун 44,5 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Натижада охирги йилларда 25 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти пайдо бўлган.
Биргина ўтган йилда 345 миллион долларлик 1 минг 400 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиб, 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида 730 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.
Қорақалпоғистонда чет эл капитали билан ташкил этилган корхоналар сони ҳам кўпайиб бормоқда. 2017 йилда 73 та хорижий ва қўшма корхона бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 175 тага етди.
Ҳозирда ҳудуд иқтисодиётига туртки берувчи қарийб 9,5 миллиард долларлик 120 дан ортиқ янги йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар 2025-2028 йилларда босқичма босқич ишга туширилади. Натижада 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни, 12 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати ва бюджетга 500 миллиард сўм қўшимча тушум яратилади.
Давлат раҳбари қурилиши бошланаётган ва ишга туширилаётган мажмуаларнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.
Юртимиздаги иқтисодий ўсиш суръатлари энергетика соҳасида улкан вазифаларни қўймоқда.
Сўнгги йилларда 2 миллиард доллар инвестиция ҳисобига қуввати 2,6 гигаватт 10 та қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди. Йил якунига қадар қўшимча 1,5 гигаватт қувватлар тармоққа уланиб, “яшил” энергия улуши 15 фоизга етказилади.
Бундан ташқари, умумий қиймати 19 миллиард доллар бўлган 18,6 гигаваттли 32 та “яшил” лойиҳа амалга оширилмоқда.
Президент бунда Қорақалпоғистон Республикасининг ҳиссаси катта эканини таъкидлади.
Нуфузли тадқиқот институтлари ҳисоб-китобларига кўра, Қорақалпоғистонда 680 гигаватт қуёш, 120 гигаватт шамол энергияси салоҳияти бор.
2030 йилга қадар Қорақалпоғистонда 11 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига, жами 10,3 гигаватт қувватга эга 10 та йирик шамол электр станцияси қурилиши режалаштирилган.
Бу лойиҳалар тўлиқ ишга тушиши ҳисобига йилига 35 миллиард киловатт соат “яшил” энергия олинади.
Қувват узатишда барқарорликни таъминлаш учун Қўнғирот, Беруний ва Қораўзак туманларида жами 400 мегаваттли 3 та электр энергиясини сақлаш тизими барпо этилади.
Бугун ушбу лойиҳаларнинг бир нечтаси бўйича қурилиш ишлари бошланмоқда. Биринчиси, Хитойнинг “Sany Renewable” компанияси томонидан Қўнғирот туманида қуриладиган қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик, 1 гигаватт қувватли шамол электр станцияси. Иккинчиси, Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда Беруний ва Қораўзак туманларида ташкил этиладиган қиймати 250 миллион долларлик 100 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизимига эга 200 мегаватт қувватли шамол электр станцияси.
Келгусида уларда йилига 4 миллиард 200 миллион киловатт соат ёки 1 миллион 750 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг “яшил” энергия ишлаб чиқарилади. Натижада қарийб 1,3 миллиард метр куб табиий газ тежалади ва атмосфера зарарланиши қарийб 2 миллион тоннага қисқаради.
Аҳамиятлиси, бу билан бир пайтда Қўнғирот туманида шамол турбинаси қисмлари, миноралари ва парракларини ишлаб чиқариш бўйича корхоналар қурилиши ҳам бошланмоқда. Натижада йилига 1 000 мегаватт қувватли шамол турбина қисмлари ва 120 та минорани ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиб, 100 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланади.
Бундан ташқари, Нукус туманида 24 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига 20 миллион дона иситиш радиаторлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Шаҳар ва туманларни обод қилиш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш масалалари ҳам эътиборда. Шу кунларда саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 62 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилмоқда. Маросимда улардан иккитаси – Беруний тумани ва Нукус шаҳридаги йирик савдо мажмуалари очилди.
Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, янги иншоотларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди. Барчани мамлакатимиз иқтисодиётида катта аҳамиятга эга ушбу лойиҳалар билан табриклади.
Президент Шавкат Мирзиёев Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Қорақалпоғистон филиалини бориб кўрди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳаси жадал ривожланиб бормоқда.
Етти йил олдин юртимизда IT компаниялари сони 147 та бўлган бўлса, бугунги кунда 2 мингтадан ошди. Уларда 30 минг нафар ходим юқори даромадли иш билан банд. 70 минг нафардан зиёд ёшлар IT билан мустақил шуғулланаяпти.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида шу соҳада экспорт ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш ва 300 минг нафар ёшни иш билан банд қилиш режалаштирилган. Чекка ҳудудларда ҳам IT-шаҳарчалар ташкил этишга киришилган.
Хусусан, Қорақалпоғистонда IT-парк резидентлари сони ўтган йил якунига нисбатан бугунги кунда уч баробарга ошиб, 108 тани ташкил этди. Улар томонидан 310 нафар мутахассис иш билан таъминланган. 2024 йилнинг биринчи ярмида хизматлар ҳажми 2,4 баробарга, экспорт ҳажми эса 1,7 баробарга кўпайди.
Таълим резидентлари томонидан 25 минг нафар ёш ва давлат хизматчилари ўқитилиб, малакаси оширилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида онлайн платформа орқали 2023 йилда 18 минг нафар ёш ўқитилган бўлса, 2024 йилнинг шу кунига қадар 29 минг нафар ёш ўқитилди. Жорий йил 33 мингдан зиёд ёшга таълим бериш режалаштирилган.
Давлат раҳбари 2021 йил ҳудудга ташрифи чоғида IT-парк учун янги бино қуриш бўйича кўрсатма берган эди. Шунга мувофиқ, Нукус шаҳри марказида 17 қаватли замонавий бино бунёд этилди. Бу ерда IT-таълим ва коваркинг марказлари, офислар, конференция зали ва хизмат хоналари мавжуд.
Шунингдек, бинога IT-парк резидентлари, соҳада фаолият олиб бораётган инвесторлар, чет эллик аутсорсинг корхоналар жойлаштирилади.
Илгари икки қаватли бинода очилган IT-парк бугун муҳташам мажмуага кўчгани режалар улканлигидан дарак беради.
Президентимизга бинода бажарилган ишлар, соҳадаги натижалар ва режалар ҳақида ахборот берилди.
Масалан, аввал АҚШнинг Амазон компаниясида ишлаган қорақалпоғистонлик Бекназар Абдикамалов юртига қайтиб, ўзининг HUPO стартапига 4 миллион доллар сармоя жалб қилган. Давлат раҳбари у билан суҳбатлашиб, ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
Давлат раҳбари IT-парк резидентлари, ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар билан мулоқот қилди. Ёшларнинг фикрларини тинглаб, таклифларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
– Бу соҳада стартапларни ҳаётга татбиқ этсак, ҳам тармоқларда натижадорлик ошади, ҳам давлат харажати камаяди, ҳам ёшлар учун иш ўринлари пайдо бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Бинода UZINFOCOM марказининг филиали ҳам жойлашган. Марказ ҳудуд ёшларини uStudy дастури орқали замонавий касбларга ўқитади. Малакаси оширилган кадрлар ўз соҳаси бўйича замонавий компанияларга ишга жойлашади.
Президент барча ҳудудларда IT парклар учун давлат-хусусий шериклик асосида шундай кўп қаватли бинолар қуриш зарурлигини таъкидлади.
– Уларда муҳит шундай бўлиши керакки, ёшлар ўзини эркин ҳис қилсин.
Овқатланиш, дам олиш, спорт ва бошқа хизматлар мужассам бўлсин. Бинолар шаҳарлар марказида, ёшларга қулай жойда бўлгани маъқул, – деди Президент.
Мазкур IT-паркни Қорақалпоғистон туманларидаги мактаблар билан боғлаб, соҳага қизиққан ёшларни ўқитиш, келгусида юқори даромадли ишларга жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент, шунингдек Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалини бориб кўрди.
Бу марказ илгари эски бинода жойлашган эди, бир хонада 4-5 бемор ётар, санитар хоналар умумий эди. Замонавий ускуналар учун мос келмай қолганди.
Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 7 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикасида 2022-2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тиббий хизматлар сифати ва қамрови ошиб бормоқда.
Хусусан, шу йил февралда Нукус шаҳрида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу мустақиллик йилларида Қорақалпоғистонда "нолдан" қурилган биринчи кўп тармоқли шифохона бўлди.
Давлат раҳбари бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишди.
4 қаватли янги бинода шошилинч қабул-диагностика, реанимация, жарроҳлик, нейрожарроҳлик, травматология, кардиология, гинекология, педиатрия, лаборатория ташхиси ва амалиёт бўлимлари жойлашган. Барча бўлимлар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган.
130 ўринли янги мажмуада беморлар ва шифокорлар учун барча шароит яратилган. Бир хона икки кишига мўлжалланган, алоҳида санитар хоналари бор.
Бемор ҳаётини сақлаб қолишда вақт асосий ўринда туради. Шу боис марказда беморларни касаллик даражаси бўйича саралайдиган триаж бўлими ташкил этилган. Яъни мурожаат қилган инсон вақт йўқотиб, сарсон бўлиб юрмайди. Бу ерга шифокорнинг ўзи тушиб, беморни қайси соҳада даволаш зарурлиги бўйича хулоса қилади ва керакли бўлимларга йўналтирилади.
Олдин мурожаат қилган беморларнинг аксарияти шифохонада ётқизилган. Эндиликда муайян тиббий муолажалардан кейин, беморнинг ҳолатига қараб яшаш жойида амбулатор даволанишга рухсат берилади. Шунингдек, илгари юрак-қон томир касалликлари билан мурожаат қилган беморларга оддий текшириш усулларида ёрдам кўрсатилган. Энди янги келтирилган замонавий ангиография ускунаси инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда яхши самара бермоқда. Ўлим ва ногиронликка олиб келиш ҳолатлари кескин камайди.
Натижада бугунги кунга қадар Тошкент шаҳрида ўтказиб келинган айрим мураккаб жарроҳлик амалиётлари эндиликда шу ернинг ўзида
ўтказилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида илк маротаба сунъий қон айланиш аппарати орқали беш нафар беморнинг юрагида очиқ жарроҳлик амалиёти олиб борилди.
Мультиспирал компьютер томографияси, ультратовуш, лаборатория ускуналари касалликларга эрта ташхис қўйиш имконини бермоқда. Телемедицина орқали узоқдаги беморларни даволашга ҳам ҳисса қўшилмоқда.
Давлат раҳбари шифохонани самарали бошқариш, амалиётни ўқиш билан боғлаш масалаларига эътибор қаратди.
- Янги бино ва ускуналар ишнинг бир қисми. Энди марказ фаолиятига замонавий менежментни жорий қилиш керак. Тиббиёти ривожланган мамлакатлардан тажрибали шифокорларни муддатли жалб этиш, хорижда мутахассислар малакасини ошириш мақсадга мувофиқ. Умуман, бу марказ илмий-амалий тиббиёт академиясидек фаолият юритиши зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.
Туман тиббиёт бирлашмаларидаги шифокорлар ўз ихтисослиги бўйича бу ерда малака ошириб, ҳудудларда жорий этиши муҳимлиги таъкидланди.
Қайд этиш жоиз, Қорақалпоғистонда 2017-2024 йилларда: “Бир қадам” тамойили асосида 74 та оилавий шифокорлик пункти, 81 та оилавий поликлиника, 92 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Ихтисослаштирилган марказлар ҳудудий филиалларида 150 турдаги янги технологиялар жорий этилди. Йилига 4500 нафар беморнинг Тошкент ва чет элга бормасдан юқори технологик ёрдам олиш имкони яратилди. Тўрткўл, Қўнғирот ва Чимбой туманларида қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, йилига 11 минг нафар беморга туманларнинг ўзида шошилинч ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.