Наманган вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари 7,5 йилга қамалди
У билан биргаликда Наманган вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси собиқ раҳбари Акрамжон Ҳамдамовга ҳам суд ҳукми ўқилган.
Наманган вилояти ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган Саидаҳмад Султонов фирибгарлик ва жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбли деб топилиб, 7,5 йилга қамалди.
У билан бирга Наманган вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси собиқ раҳбари Акрамжон Ҳамдамовга ҳам суд ҳукми ўқилган.
Наманган вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари С.Султонов 2021 йилда ”Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга оширишда тендер савдолари ўтказилмасдан, лойиҳа-смета ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатлари тегишли тартибда экспертизадан ўтказилмасдан ўзининг оғзаки кўрсатмалари билан Наманган вилояти ҳудудидаги ички йўлларни қуриш ишларини “Наманган қурилиш дизайн савдо” МЧЖ раҳбари У.Хамроходжаевга топширган, У.Хамроходжаев, О.Назаров ва бошқалар билан олдиндан тил бириктирган.
Жумладан, Тўрақўрғон туманидаги “Ибрат-2” саноат узели ҳудудидаги 7.551 км. автомобиль йўлини қуриш ва йўл атрофини ободонлаштириш бўйича 8.855.429.000 сўм молиялаштириб берилган. Мазкур ишларга 5.434.399.283 сўмлик иш ҳажмлари қўшиб ёзилиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.
2021 йил март ойида С.Султоновнинг кўрсатмаси билан Давлатобод туманида жойлашган лойиҳа қиймати 70.272.054.500 сўмлик “Наманган смарт сити” объектида 3 км. автомобиль йўлини қуриш ва йўл атрофини ободонлаштириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тузилмаган.
Шу ва бошқа ишлар бўйича ҳисоб варақ фактураларга ҳақиқатда бажарилмаган 1.240.238.797 сўмлик иш ҳажмлари қўшиб ёзилиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.
Султонов,шунингдек, тадбиркорлардан футбол клубига ҳомийлик учун маблағ олиб, уни ўз эҳтиёжлари учун ишлатган. У тадбиркорлар Б.Мухиддинов, М.Абдусолиевдан алдов йўли билан жуда кўп миқдорни ташкил қилган 15.000 АҚШ долларидан жами 30.000 АҚШ долларини қўлга киритиб, ушбу пулларни «Навбаҳор» футбол клубига тегишли тартибда кирим қилиш учун топширмасдан, шахсий ишларига сарфлаб юбориб, фирибгарлик қилган.
С.Султанов 2018 йил 26 ноябрь кунидан 2020 йил 20 октябрь кунига қадар Наманган вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаганида умумий ҳисобда 225.597.300 сўмни маош, рағбатлантириш ва бошқа харажатлар учун ажратиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
С. Султонов, А.Хамдамов давлат иштирокидаги ташкилотнинг мансабдор шахси ҳисобланиб, 2022 йилнинг апрель ойида “Наманган қурилиш дизайн савдо” МЧЖ раҳбари У.Хамроходжаевга Янги Наманган туманида жойлашган “Тараққиёт” кичик саноат зонасидаги ички автомобиль йўлларини ўз ҳисобидан қуриш ишларини амалга ошириш тўғрисида тендер савдоларисиз ўтказилишига кўрсатма берганларидан сўнг, жамият раҳбари У.Хамрохўжаев томонидан мазкур объектда 250.464.000 сўмлик текислаш ва шебен ётқизиш ишлари амалга оширилиб, бироқ, С.Султановнинг оғзаки топшириғи билан жамият ўз маблағлари ҳисобидан йўл қурилиш ишларини амалга оширган бўлса-да, сарфланган пул маблағлари тўлаб берилмасдан, У.Хамроходжаевнинг ҳуқуқ ва манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилишига сабабчи бўлишган.
Судланувчилар С.Султанов ва А.Ҳамдамов суд муҳокамасида айбига қисман иқрорлик билдирганлар.
Якуний ҳукмга кўра, С.Султонов 3 (уч) йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда, шу жумладан ҳокимлик тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 7 (етти) йил 6 (олти) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
А.Ҳамдамовга эса 2 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда, шу жумладан автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 350 (уч юз эллик) баравари 105.000.000 сўм жарима жазоси тайинланди.