platina.uz

Қамоқдаги аёл ҳақида сериал олиш учун 20 минг доллар сўраган шахс ушланди

У маҳкума аёл ҳақидаги кўп қисмли сериалга бадиий кенгаш рухсатини олиб бермоқчи бўлган.

Жамият
17 август, 15:46
Қамоқдаги аёл ҳақида сериал олиш учун 20 минг доллар сўраган шахс ушланди

Қамоқдаги аёл ҳақида сериал учун рухсат олиб беришни ваъда қилган шахс пора билан ушланди.

ДХХ ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Тошкент шаҳрида яшовчи, 1975 й.т. фуқаро ўзини гўёки "Ўзбекфильм" давлат унитар корхонасида масъул лавозимда ишловчи шахс сифатида таништирган ва Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган маҳкума аёл ҳаётига бағишланган кўп қисмли сериални суратга олиш учун Кинематография агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгашда ишловчи танишлари орқали рухсат олиб бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятига қарашли Жанубий кон бошқармасининг бўлим бошлиғи ўринбосари Қўшработ туманида яшовчи 2 нафар фуқарони ушбу кон бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.

Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, мазкур шахс 2023 йилнинг сентябрь ойида “Зармитан” конига ишга жойлаштириб қўйишини айтиб, Қўшработ туманида истиқомат қилувчи 4 нафар фуқародан жами 9 минг АҚШ доллари олган ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда консалтинг фирма раҳбари ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали, пойтахтлик фуқарога чет тилини билиш бўйича миллий сертификат олиб бериб, уни Тошкент давлат юридик университетининг магистратура босқичига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 3500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда учала шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+