platina.uz

Украина Курскда 100 нафардан ошиқ россияликни асир олди

Келажакда улардан асир тушган украиналикларни қайтаришда фойдаланиш мақсад қилинган. Курск вилоятидаги жанглар эса тўхтамаяпти. 

Жаҳон
16 август, 10:00
Украина Курскда 100 нафардан ошиқ россияликни асир олди

Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюк 15 август куни Курск вилоятида 102 нафар россиялик асирга олинганини маълум қилди.

Россиялик ҳарбий хизматчиларнинг қўлга олингани ҳақидаги фактлар турли манбалар, жумладан, ижтимоий тармоқлардаги видеолар ва жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларининг мухбирлари томонидан тасдиқланган, бироқ Малюк тақдим этган тафсилотларни, жумладан, маҳбуслар сонини мустақил манбалардан тасдиқлаш мумкин эмас.

“Кеча биз тезкор операция ўтказдик, натижада 102 нафар россиялик қўлга олинди. Келажакда биз асирга тушган ҳимоячиларимизни уйга қайтариш учун бундан қандай самарали фойдаланиш ҳақида ўйлаяпмиз", - дея Малюкнинг сўзларидан иқтибос келтиради УХХ матбуот хизмати.

Унинг сўзларига кўра, маҳбуслар орасида "Ахмат" бўлинмаси зобитлари ва вакиллари ҳам бор.

Ҳозир ҳарбий контрразведка ва УХХ терговчилари қўлга олинган россияликлар билан ишламоқда, деди Малюк пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда.

Маҳбуслар кенг қамровли кўрсатмалар берганидан ва улар билан қонунда назарда тутилган барча тартиб-қоидалар амалга оширилгач, Украина томони Россия билан уларни алмашиш бўйича музокаралар олиб бориши мумкин, дея қўшимча қилди у.

Finacial Times газетасининг ёзишича, Курск вилоятида россиялик маҳбусларнинг муҳим қисми қўлга олинганидан сўнг, Россия ва Украина алмашинув бўйича музокаралар бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, 6 август куни Украина кучлари Россия ҳудудига бостириб кирди. Оқибатда минг квадрат километрдан ошиқ ҳудуд эгалланди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+