platina.uz

БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббусини маъқуллади

Ташаббус деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш ва бошқа экологик муаммолар билан боғлиқдир. 

Сиёсат
14 август, 8:47
БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббусини маъқуллади

БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган резолюцияни қабул қилди.

2024 йил 13 август куни БМТнинг Ню-Йоркдаги Бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан "Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими" резолюциясини қабул қилди.

Мазкур резолюция Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатда ҳаётга татбиқ этилаётган, шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини кўкаламзорлаштириш орқали биохилма-хилликни сақлаш ва тиклашга қаратилган "Яшил макон" миллий дастури концепцияси асосида ишлаб чиқилган.

Ҳужжатда Шавкат Мирзиёевнинг Бош Ассамблеянинг 78-сессияси ва БМТ Иқлим бўйича 28-конференциясида иқлим ўзгаришига ва ерларнинг деградациясига қарши самарали курашиш бўйича билдирган асосий таклифлари ўз ифодасини топган.

Резолюцияга 90 дан ортиқ аъзо давлатлар, жумладан, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, Озарбайжон, Австрия, Бельгия, Баҳрайн, Венгрия, Германия, Италия, Иордания, Индонезия, Қатар, Хитой, Саудия Арабистони, Латвия, Мўғилистон, Марокаш, Ўмон, БАА, Покистон, Португалия, Россия, Корея Республикаси, Туркия, Франция ва дунёнинг турли минтақаларини ифодаловчи бошқа давлатлар ҳаммуаллифлик қилди.

Резолюцияда ўрмонларни барқарор бошқариш ва дарахт ўтқазишнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик афзалликлари ҳар томонлама кўрсатилган. Уларнинг биологик хилма-хилликни ошириш, иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши оқибатларини юмшатиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қўшган ҳиссаси, жумладан камбағалликка барҳам бериш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ҳиссаси алоҳида таъкидланади.

Резолюциянинг ўзига хос хусусияти унинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги сўнгги илмий йўналишларга мувофиқлигидир. Экологик тоза ва экотизимга асосланган усуллардан фойдаланган ҳолда биологик хилма-хилликни сақлаш ва кўпайтириш мақсадида БМТга аъзо мамлакатларга дарахт экиш соҳасида аниқ тавсиялар берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан "Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги" резолюциясини бир овоздан қабул қилганди.

Ундан аввалроқ БМТ “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни бир овоздан маъқуллаганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+