Токиода жазирама сабаб 120 киши ҳаётдан кўз юмди
Япония расмийлари аҳолидан уйда қолиш, етарлича сув ичиш ва кондиционерлардан фойдаланишни тавсия қилмоқда.
Токиода жорий июл ойидаги кучли жазирама сабаб 120 киши ҳалок бўлди.
Июл ойи Японияда рекорд даражадаги энг иссиқ бўлди. Минглаб одамлар иссиқлик уриши билан шифохоналарга ётқизилган.
Расмий маълумотларга кўра, июль ойида Токиода жазирама оқибатида 120 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти 60 ёшдан ошганлардир.
Ўтган ой мамлакатда 1898 йилдан бери олиб борилаётган кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ой бўлди.
Ҳарорат ўртача кўрсаткичдан 2,16 даража юқори эди.
Токио ва Япониянинг ғарбий қисмида иссиқ об-ҳаво ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилинди. Пойтахт марказида ҳаво ҳарорати тахминан +34 даражагача кўтарилди.
"Мен иссиқ фасл йил сайин узайиб бораётганини ҳис қиляпман", деб нолийди киотолик маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
"Менда кондиционер 24/7 ишлайди, ҳатто ухлаётганимда ҳам. Кўчага чиқмасликка ҳаракат қиламан", - дея қўшимча қилади у.
Маҳаллий об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, август ойида иссиқлик пасаймайди, аксинча, ҳарорат кўтарилади. Яқин кунларда мамлакат пойтахтида +35 ва ундан юқори ҳарорат кутилмоқда.
Япония соғлиқни сақлаш идоралари ва синоптиклар аҳоли ва сайёҳларга уйда қолишни, намликни сақлаб қолиш учун етарли миқдорда суюқлик ичишни ва кондиционердан фойдаланишни тавсия қилмоқда.