Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 100 млрд доллардан ошди
Бу натижа норасмий ва яширин иқтисодиётни баҳолашдан сўнг келиб чиққан.
Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 100 млрд АҚШ долларидан ошди.
Статистика агентлиги томонидан амалга оширилган норасмий ва яширин иқтисодиётни баҳолаш натижалари эълон қилинди.
Унга кўра, 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси ЯИМ ҳажми АҚШ доллари эквивалентида 10,7 миллиард долларга қўшимча ҳисоб-китоб қилинди ва амалдаги 90,9 миллиард доллардан 101,6 миллиард долларга етди. Шунга мос равишда, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми қўшимча 3,4 млн сўмга ошиб, 32,7 млн сўмга етган.
Ушбу баҳолашлар ўтказилган танланма статистика кузатувлари натижалари ҳамда вазирлик ва идораларнинг маъмурий маълумотлари асосида амалга оширилди, дейилади агентлик хабарида.
Аввалроқ 2023 йил якунлари билан ялпи ички маҳсулот ҳажми жорий нархларда 1 066 569,0 млрд сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан ўсиш суръати 6 фоизни ташкил этгани маълум қилинганди.