АҚШ Венесуэла мухолифати етакчисини президент сифатида тан олди
Мамлакат расмийлари эса Николас Мадурони ғолиб деб эълон қилган. Венесуэлада намойишлар тинмаяпти.
АҚШ Давлат департаменти Венесуэла мухолифати етакчиси Эдмундо Гонсалес Уррутияни "муваффақиятли сайлов кампанияси" билан табриклади.
Вашингтон уни президентлик сайловларида ғолиб деб тан олган. Каракаснинг расмий версиясига кўра эса, Николас Мадуро учинчи муддатга қайта сайланган.
"Афсуски, Мадуро назорати остидаги Миллий сайлов кенгаши томонидан ушбу овозларни қайта ишлаш ва натижаларни эълон қилишда жиддий қонунбузарликларга йўл қўйилди, натижада Венесуэла халқининг иродасини акс эттирмайдиган натижалар эълон қилинди", деди Давлат департаменти баёнотида.
АҚШ ва Венесуэла халқига Эдмундо Гонсалес Уррутиа энг кўп овоз олгани аниқ, дейилади департамент баёнотида. Вашингтонга кўра, Венесуэла томонлари учун ҳокимиятни ҳурмат билан, тинч йўл билан ўтказиш масаласини муҳокама қилишни бошлаш вақти келди.
Венесуэла Миллий сайлов кенгаши 29 июль куни амалдаги давлат раҳбари Николас Мадуро 51,2 фоиз, Эдмундо Гонсалес эса 44 фоиз овоз йиққанини маълум қилди. Мухолифат, эхит-полл натижаларига таяниб, 73% овоз билан жаноб Гонсалеснинг ғалабасини эълон қилмоқда. Венесуэлада сайлов натижалари эълон қилингач, оммавий норозилик намойишлари бошланди.
Венесуэладаги сўнгги президентлик сайловлари натижаларига кўра Вашингтон ҳам Николас Мадурони ғолиб деб тан олмади.
Аввал ҳам Қўшма Штатлар бошқа кўплаб давлатлар қатори мухолифат етакчиси Хуан Гуайдони давлат раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида тан олди. Мамлакатлар ўртасидаги дипломатик алоқалар фақат 2024 йилнинг ёзида тикланди.