Венесуэлада сайловдан кейинги тартибсизликларда тўрт киши ҳалок бўлди
Мамлакатда Мадуронинг қайта сайланишига қарши норозиликлар тўхтамаяпти, 749 киши ҳибсга олинган, 50 га яқин инсон жароҳатланган.
Венесуэлада президентлик сайловидан кейинги намойишлар чоғида тўрт киши ҳалок бўлди. Бундан ташқари, расмийлар 749 кишининг ҳибсга олинганини эълон қилди.
Душанба куни Венесуэлада президентлик сайловларининг расмий натижаларига қарши намойишлар чоғида камида тўрт киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда нодавлат нотижорат ташкилотлари.
Намойишлар Венесуэла Миллий сайлов кенгаши амалдаги президент Николас Мадурони ғолиб деб эълон қилганидан кейин бошланди.
Мамлакат шифхоналаридаги вазиятни кузатувчи Миллий касалхона тадқиқоти шимолий Арагуа штатида икки ва пойтахт Каракасда бир киши ўлганини маълум қилди. Ташкилот маълумотларига кўра, 44 киши жароҳатланган.
Аввалроқ Форо Пенал нодавлат ташкилоти мамлакат шимоли-ғарбидаги Яраcуй штатида бир киши ўлгани ҳақида хабар берган эди.
Венесуэла бош прокурори Тарек Уилям Саабнинг айтишича, намойишларда 749 киши ҳибсга олинган. Унинг сўзларига кўра, яқин соатларда бу рақам янада ошиши мумкин.
Мухолифатчи сиёсатчи ва президент Николас Мадуронинг кескин танқидчиси, Миллий ассамблеянинг "Халқ иродаси" партиясидан депутати Фредди Суперлано ҳибсга олинди.
"Бир неча дақиқа олдин бизнинг миллий сиёсий координаторимиз Фредди Суперлано ўғирлаб кетилди", дейилади партия Х ижтимоий тармоғидаги баёнотда.
Унинг иттифоқчилари Мадуронинг қайта сайланишига қарши норозилик намойишлари чоғида кучайган репрессияни қоралашларини айтишди.
Эслатиб ўтамиз, Мадуронинг қайта сайланишини Россия, Хитой, Эрон, Куба каби давлатлар тан олган бўлса, АҚШ, Чили, Аргентина ва қатор Лотин Америкаси давлатлари тан олмаган.