Жиззахда туғуруқхона бўлими катта доясининг кирдикорлари ошкор бўлди
У беморлар учун ички дорихонадан олинган дориларни ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-тарож қилган.
Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судида тиббиёт бирлашмаси туғуруқхона бўлими катта доясига нисбатан иш кўриб чиқилди. Суд ҳукми Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, судланувчи С.Х. 2023 йил 9 феврал кунидан Ғаллаорол туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқхона бўлими катта дояси вазифасида ишлаб келиб, моддий жавобгар шахс ҳисобланиб, 2023 йил феврал-октябр ойларида беморлар учун ички дорихонадан олинган дориларни тарқатиш бўйича ўзининг моддий жавобгарлигига берилган жами 182.768.944 сўмлик, жуда кўп миқдордаги дори-дармон ва тиббиёт воситаларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилган.
Шунингдек, судланувчи ўзи содир этган талон-торож жиноятини енгиллаштириш ва яшириш ҳамда 2023 йил феврал-октябр ойларида беморлар учун ички дорихонадан олинган дориларни ўзининг моддий жавобгарлигидан чиқарилишига эришиш мақсадида, навбатчи ҳамширалар номидан беморлар учун берилган дори-дармон ва тиббиёт воситаси учун ёзилган талабномаларга била туриб такроран ёлғон маълумотлар ва ёзувлар киритиб, уларни қалбакилаштирган.
С.Х судда ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, дастлабки терговда берган кўрсатувларини тасдиқлади.
Суд судланувчига жазо тайинлашда, унинг ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, етказилган моддий зарарни ихтиёрий равишда тўлиқ қопланганлигини, аёл киши эканлигини, оилавий аҳволини, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, унинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб баҳолади.
Якуний ҳукмга кўра, суд С.Х.га ўташ учун ҳар ойлик иш ҳақининг 10 (ўн) фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 1 (бир) ой 27 (йигирма етти) кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.