КХДР яна Жанубга қарата чиқинди шарларини учирди
Ушбу шарлардан бири Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлнинг расмий қароргоҳи ва идораси ҳудудига келиб тушган.
Шимолий Корея 24 июлга ўтар кечаси яна Жанубий Корея билан чегарага чиқинди билан тўлдирилган шарларни учирди.
Улардан бири Сеулнинг Ёнгсан туманида жойлашган Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлнинг расмий қароргоҳи ва идораси ҳудудига келиб тушган.
Президент хавфсизлик хизмати объект топилганидан кейин кимёвий текшириш гуруҳларини сафарбар қилишга мажбур бўлганини айтди.
"Кимёвий, биологик ва радиологик қуролларга қарши кураш гуруҳи ахлат тўпларини муваффақиятли йиғиб олди", деди хавфсизлик хизмати AFPга.
"Текширув натижалари объектда ҳеч қандай хавф ёки ифлосланиш йўқлигини тасдиқлади".
Президент қароргоҳи ҳарбийлар томонидан қўриқланади ва унинг устида парвозлар тақиқланган ҳудуд мавжуд.
Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси аввалроқ Пхенян яна чиқинди шарларини учирганини тасдиқлади ва Сеул ҳукумати чоршанба куни эрталаб маҳаллий аҳолини огоҳлантирди.
" Агар чиқинди шарларини топсангиз, уларга тегманг ва энг яқин ҳарбий қисм ёки полиция бўлимига хабар беринг", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея май ойи охири ва июн ойи бошида ҳҳам шундай ҳаракатларни амалга оширганди.