platina.uz

Ҳиндистонда чандипура вируси оқибатида ўнлаб одамлар ўлмоқда

Чандипура вируси биринчи марта 1965 йилда Махараштра штатининг Нагпур туманида аниқланган. У асосан чивин чақиши орқали юқади. 

Жаҳон
23 июль, 10:23
Ҳиндистонда чандипура вируси оқибатида ўнлаб одамлар ўлмоқда

Ҳиндистоннинг Гужарат штатида Чандипура вируси келтириб чиқарадиган ўткир касаллик кўпаймоқда. Бу ҳақда The Times of India ёзмоқда.

Штат Соғлиқни сақлаш департаменти 21 июль куни вируснинг 13 та янги тахминий ҳолати ва 5 кишининг ўлими ҳақида хабар берди. Сўнгги маълумотларга кўра, вирусни юқтирганлар сони 84 нафарга, вафот этганлар сони эса 32 нафарга етди.

2003-2004 йилларда Марказий Ҳиндистонда худди шундай эпидемиялар пайтида ўлим даражаси 56-75% ни ташкил этди.

Чандипура вируси биринчи марта 1965 йилда Махараштра штатининг Нагпур туманида аниқланган. Аввалроқ Андхра-Прадеш, Махараштра, Одиша ва Гужаратда бир нечта эпидемиялар қайд этилган эди.

Ҳиндистон Педиатрия Академияси раҳбари доктор Васант Халаткарнинг айтишича, вирусга ташхис қўйиш қийин. Касаллик асосан 15 ёшгача бўлган болаларга таъсир қилади.

Вирус асосан чивинлар орқали юқади. Касаллик Ҳиндистоннинг баъзи қисмларида эндемик бўлиб, эпидемиялар асосан чивинлар популяцияси энг юқори чўққисига чиққан муссон фаслларида ва ундан кейин қайд этилган.

Аломатлар орасида юқори иситма, бош оғриғи кўп учрайди. Бу аломатлар неврологик асоратлар, кома ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин.

Вирусдан ҳимояланиш, биринчи навбатда, чивин чақиши олдини олиш бўйича профилактика чораларини ўз ичига олади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+