Aрманистон – Шарқ ва Ғарб сиёсий чорраҳасида

Тарихан арманлар бор ҳудудлардан ташқари, озарбайжонлар, албанлар ва бошқа халқлар яшаган ерлар ҳам арманларга олиб берилгани боис Арманистон деярли ҳеч қайси қўшниси билан доимий тинч-тотувликда бўлмаган.

Таҳлил
21 июль, 16:44
Aрманистон – Шарқ ва Ғарб сиёсий чорраҳасида
Фотоколлаж: Platina.uz

Сўнгги пайтларда Aрманистон ҳукумати Европага интилиш ва Россияга анъанавий боғланиш борасидаги фикрлар қарама-қаршилигидан азият чекмоқда. Нафақат халқ ва ҳукумат орасида,балки ҳукумат ичида ҳам бу борада турли фикрлар тўқнашуви кузатилмоқда.

Россияга тарихий қарамлик

Умуман олганда, Арманистон, Россия империяси томонидан Эрон ва Туркия ҳудудидан этник арманларни кўчириб келиб, Кавказда мусулмонларга қарши “балансни тиклаш” мақсадида қуриб берилган давлат экани боис, доимо Россия билан яқин муносабатларда бўлиб келган. Бу ерда доимо Россия таъсири бор ва Москва ҳамон бу мамлакатни ўз геополитик манфаатлари доирасига киритади. 

Тарихан арманлар бор ҳудудлардан ташқари, озарбайжонлар, албанлар ва бошқа халқлар яшаган ерлар ҳам арманларга олиб берилгани боис Арманистон деярли ҳеч қайси қўшниси билан доимий тинч-тотувликда бўлмаган. Доимо чегара ва ресурслар борасида келишмовчиликлар келиб чиққан. Шу боис Арманистон Россиянинг ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий ҳимояси остида яшашга мажбур бўлган. Қолаверса, Арманистоннинг денгизга чиқа олмаслиги ва табиий энергетик ресурсларга бой эмаслиги, иқтисодий муваффақият қозона олмагани ҳам унинг асосан Россияга қарам бўлиб қолишининг асосий сабаблари ҳисобланади.

Қолаверса, Москва етакчилигидаги икки тузилма – Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ЕОИҲТ) ва Коллектив хавфсизлик шартномаси (КХШТ) ташкилотига аъзолик ҳам Арманистонни Россия билан боғлаб туради. 

Ғарб билан тарихий дўстлик

Тўғри, кўпчилик давлатларда йирик арман диаспорлари мавжудлиги ва улар қудратли лоббига айлангани боис Арманистон Ғарб билан ҳам илиқ муносабатларни сақлаб қолишга интилиб келган. Бироқ бу алоқалар Россиянинг ҳушёр назорати ва “тавсия”лари асосида шакллантирилган. Ғарб билан ярим ойдин, ярим махфий алоқалар Арманистонга фойда ҳам келтирган, албатта. Арманистон Озарбайжонга тегишли Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та озар тумани ҳудудини босиб олганида Ғарб буни “кўриб-кўрмасликка” олди. БМТ бу ҳудудлар Озарбайжонга тегишли экани ва уни Бокуга қайтариш ҳақида резолюциялар қабул қилса ҳам, уларнинг ижросини таъминлаш чоралари кўрилмади, бу борада Ереванга таъсир ўтказиш механизми ҳам ишлаб чиқилмади.

Ғарбга мойил Пашинян – янги бурилиш ижодкори

Токи 2018 йилгача вазият шундай эди. Турли сиёсий тебранишлар, инқилоб, озодликдан маҳрум бўлиш, парламентга сайланиш ва бошқа можаролар оқибатида ҳукумат тепасига келган Никол Пашинян вазиятни ўзгартиришга қарор қилди. У мамлакатда қатъий сиёсий-иқтисодий ислоҳотларни бошлаб берди. У Арманистоннинг Россияга қарамлигини пасайтириш, тўла мустақил бўлиши учун курашаётганини, ташқи сиёсат курсини эса Европага йўналтирганини ҳам яширишга уринмаган.

Россия ва бошқа томонлар Пашинянни Ғарбга мойил сиёсатчи деб ҳисоблайди. Шу боис ҳам унга ишончсизлик билан қараб келади. Пашиняннинг Россия манфаатларига мос келмайдиган баёнотлари ва қарорлари эса Москвани ғазаблантириши табиий. Шу боис, айрим таҳлилчиларнинг айтишича, Иккинчи Қорабоғ урушининг келиб чиқиши ва Арманистон мағлубияти билан тугашида ҳам Россиянинг “қўли” бўлиши мумкин.

Пашинян даври Тоғли Қорабоғнинг яна Озарбайжонга қайтиши билан ҳам тарихда қолди. Аслида Москванинг бу қуролли можарода бевосита қўли борлиги ҳақидаги тахминлар шунчаки тахмин бўлса-да, можаронинг Озарбайжон фойдасига ҳал бўлгани айрим асослардан холи эмас. Жумладан, расмий Ереван ҳам шундай фикрда қатъий ва доимо шуни таъкидлаб келади.

Чунки 90-йилларда Биринчи Қорабоғ урушида аламли мағлубиятга учраган Озарбайжон Тоғли Қорабоғни қайтариб олишга тайёрланиб келаётган эди. Арманистон эса ғалабадан масрур бўлиб, ҳушёрликни унутди. Қолаверса, Москванинг ҳамда Ғарбнинг доимо ёрдамга келишига қатъий ишонч, Арманистоннинг ЕОҲТга аъзолиги ҳам Ереванни хотиржам қилиб қўйди. Худди АҚШга “суяниб”, Фаластин ерларини босиб олган ва жиноятлари учун жазо берилмаслиги учун қатъий ишонган Исроил каби, Арманистон ҳам Тоғли Қорабоғ доим ўзида қолиши ва ҳеч қачон Боку уни қайтариб олишга журъат қилмаслиги ҳақидаги иллюзиялар билан яшаб келди. Ҳатто гибрид уруш ҳаракатлари бошланганида ҳам Арманистон ҳукумати бунга енгил қаради, шунчаки “ўйин” деб ўйлади.

Геополитик имкониятлар бирлашганда...

Бунинг устига Россия Украинага уруш очгани боис мавжуд геополитик манзара Арманистон зарарига ўзгарган эди. Озарбайжон Туркия билан ҳамкорликни ривожлантириб, ҳарбий қудратини юксалтириб олди. Украина билан уруш боис яккаланиб қолган Москва эса унингҒарб билан музокара ва мулоқотларида воситачилик қилаётган ва турли йўллар билан Россияга ёрдам беришни “эплаётган”, лекин шу билан биргаликда Украинага тажовузни қоралаб, Қримни Украина ҳудуди деб ҳисоблашини яширмаётган Туркия тимсолидаги “дўст ҳамкор” билан алоқаларни бузишни истамас эди. Қолаверса, барча ресурслар урушга йўналгани боис, Москва учун Арманистон муаммолари 10-даражага тушиб қолган эди. 

Вазият Озарбайжон фойдасига ўзгараётган шундай даврда Пашинян ҳукуматининг Москвага мақбул бўлмаган баёнот ва ҳаракатлари, ҳатто Арманистонни НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо қилиш ҳаракатлари бошлангани Россия учун қувончли, Ереван учун фойдали бўлмаган, албатта.

Нима бўлганда ҳам Иккинчи Қорабоғ уруши ёрдамида Озарбайжон ўзига тегишли ерларни аввал қисман, кейинчалик батамом қайтариб олди. Ҳарбий экспертлар бу ғалабага Туркия тақдим этган “Байрактар” дронлари катта ҳисса қўшганини таъкидлашади. Москва ва у етакчилик қиладиган КХШТ эса вазиятга аралашмаслигини маълум қилди. Чунки КХШТ уставига кўра, ташкилот фақат ўз аъзоларининг ҳудудига тажовуз бўлганида ҳимоя қилишга киришади. Бироқ БМТ резолюциялари ва халқаро тан олинган бошқа ҳужжатларга мувофиқ, Озарбайжон ўз ерларини қайтариб олиш учун курашаётганди. 

Қайд этиш керак, Ереван Россиянинг бу “хиёнати”ни кечира олмади. Гарчи бир неча бор изоҳ берилганига қарамасдан, Пашинян ҳам муттасил шу “хиёнат” ҳақида гапириб келмоқда. Россия ва КХШТ билан ҳамкорликнинг бефойдалиги, ҳатто зарарли экани ва бу ташкилотга аъзоликни тўхтатиш ҳақида турли баёнотлар янграмоқда.

Қолаверса, Тоғли Қорабоғ урушида Бокуга ёрдам берган Исроил билан Арманистон ўртасида ҳам муносабатлар ёмонлашди. Жанубий Озарбайжон ва бошқа муаммолар боис Боку билан муносабати ёмон бўлган, Тоғли Қорабоғ урушида Арманистонга ошкора ён босган Эрон эса Ереван билан илиқ муносабатлар ўрнатиб олди.

Ким дўсту ким душман?

Тоғли Қорабоғнинг қайтариб олингани Ереваннинг дунё давлатларини “дўсту душман ажратиш тарозиси”га бир қатор ўзгаришлар киритди. 

Айни пайтда аксарият арманистонликлар “душманлар рўйхати”га Россияни киритишади. Бу рўйхатда Туркияга бўлган тарихий нафрат биринчи ўринда албатта. (Арманистон ва унинг тарафдорлари “турклар 2015 йилда арманларга қарши геноцид ўтказган”, деб иддао қилишади – муал.)

Жумладан, 2022 йилда Арманистон аҳолиси ўртасида шу мавзуда ижтимоий сўров ўтказилган. Арманистонга таҳдид туғдирувчи давлатларни санаб ўтинг, деган саволга сўралганларнинг 88 фоизи Туркия, деб жавоб берган. Озарбайжон – 81 фоиз овоз билан “иккинчи ўринда”. Сўровда қатнашганларнинг 15 фоизи Россияни Арманистонга сиёсий таҳдид солади, 17 фоизи эса иқтисодий таҳдид солади, деб ишонади.

Шу билан бирга, арманистонликларнинг 57 фоизи Россияни энг муҳим сиёсий ҳамкор деб ҳисоблаган. 50 фоизи эса Францияни шундай мақомда деб ўйлаган. (Сўровномада бир неча вариантни танлаш мумкин – муал.)АҚШни эса сўралганларнинг 38 фоизи белгилаган.

Иқтисодий ҳамкорлик борасидаги нуқтаи-назар текширилган сўровнома натижаларида эса Россия етакчилик қилади. 61 фоиз киши Россияни Арманистоннинг энг асосий ҳамкори деб ҳисоблашини билдирган. Арманларнинг 40 фоизи Эронни шундай давлат деб ўйлайди. Аҳолининг 29 фоизи эса Хитойни асосий ҳамкор, дея танлаган. 

НАТОга яқинлашув

Россиядан “ҳафсаласи пир” бўлган Пашинян ҳукумати Ғарб, хусусан, Франция ҳамда НАТО билан ҳамкорликни истиқболли деб кўрмоқда. Ҳатто Пашиняннинг асл мақсадларидан бири – Арманистонни НАТОга аъзо қилишдир, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. 

Геополитик стратегияга кўра, Россия сиёсий таъсиридан чиқишга ҳаракат қилаётган Арманистон Ғарб учун муҳим. Шу боис уни Европа Иттифоқига ва НАТОга ҳам аъзоликка қалбул қилиш борасидаги баёнот ва амалий ҳаракатлар мавжуд. 

Ва табиийки, бу Россияга ёқмайди. Бироқ улар ҳам Арманистонни йўқотишдан манфаатдор эмас. Шу боис ҳозирча дипломатик каналлар ва ОАВ воситасида “даҳанаки” жанглар давом этяпти холос. Айниқса, юмшоқ куч – Россия ичидаги арман сиёсатчилари ва тадбиркорлардан самарали фойдаланилмоқда. Улар Пашиняннинг номақбул сиёсатчи экани, уни “яхшироғи” билан алмаштириш кераклигига урғу беришмоқда. Пашинян доирасидаги одамларнинг фикрича, Арманистон руҳонийлари ҳам Россияга мойил. Яқинда Арманистондаги 4 та қишлоқни ўзаро келишувга мувофиқ Озарбайжонга қайтариш борасидаги ҳаракатлар ҳам бир черков руҳонийси бошчилигида қатъий қаршиликларга учрамоқда. Ҳукумат манбаларнинг айтишича, бу Москванинг черковни ишга солиб бўлса-да одамларда ҳукуматдан норозилик уйғотиб, Озарбайжон билан тинчлик музокараларига йўл қўймасликка уринишдан бошқа нарса эмас. Зеро, Пашинян айтганидек, ҳозирда Арманистоннинг Озарбайжон билан тинчлик битимини имзолаши Ереван келажаги учун ўта муҳим ва бу шартнома шу йил ноябр ойигача имзоланиши кутилмоқда.

Бу масала ҳал этилса, Туркия томони ҳам Арманистон билан муносабатларни яхшилашга ваъда берган. Арманистон учун эса Туркия – бу НАТОга яқинлашув, денгизга чиқиш ҳамда иқтисодий тараққиётга эришиш йўли деганидир. 

Кези келганда айтиш жоиз, Пашинян ҳукумати НАТО билан яқинлашувни тезлатмоқда. Масалан, 2024 йил 18-19 кунлари НАТО бош котибининг Кавказ ва Марказий Осиёдаги махсус вакили Хавьер Коломина Арманистонга ташриф буюрди. Унда Арманистон хавфсизлик тизими учун муқобил механизмлар масаласи ҳам кўриб чиқилгани айтилмоқда.

Жорий йилнинг 9-11 июл кунлари Вашингтонда Шимолий Алянснинг 75 йиллигига бағишланган юбилей саммит ўтказилди. 32 давлат делегациялари қатнашган саммитда асосан Украинага ёрдамни кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди. Арманистон ҳам таклиф этилди.

Аслида Арманистон 1992 йилдан бери НАТОнинг “Шимолий Атлантика ҳамкорлиги кенгаши” аъзоси ҳисобланади. У кенгаш ташкил этган турли ҳарбий-ўқув машқлари ва тинчликпарварлик миссияларида фаол иштирок этиб келади.

Франция билан уникал муносабатлар

Қудратли арман лоббиси мавжуд Франциянинг Арманистонга қурол-яроғ етказиб бераётгани ва халқаро саҳналарда Арманистоннинг турли иддаоларини сўзсиз қўллаб-қувватлаётгани Озарбайжонга (Туркияга, деб ўқилсин – муал.) ёқмайди. Боку дипломатик каналлар ва турли халқаро анжуманлар ва улардаги маърузалар орқали Францияга бу норозиликларини бир неча марта билдирган. Расмий Парижнинг бундай қадамлари Кавказда тинчликни таъминлашга хизмат қилмаслиги, акс таъсир бериши ҳақида огоҳлантиришга уринган.

Бироқ Франциянинг, Боку таъбирича, “аксилозарбайжон риторикаси” тўхтатамагани боис, Озарбайжон Парижнинг бошқа нозик жиҳатига зарба бермоқда. Жумладан, Францияга тегишли Корсика ҳамда бошқа уммон ортидаги амлокларининг мустақиллик ҳаракатларига ёрдам беришга жиддий киришган. Хусусан, шу кунларда Бокуда Корсика, Меланезия, Полинезия, Кариб ва ва Антил ороллари гуруҳининг мустақиллиги учун курашаётган 15 та сиёсий партия ва ҳаракатларнинг “Франция мустамлака ҳудудлари мустақиллиги учун ҳаракатлар” съезди бўлиб ўтмоқда. Анжуман Боку ташаббус гуруҳи қўллаб-қувватлови остида Гваделупе Халқ озодлик иттифоқи томонидан ташкил этилган.

Яна “эски ва қадрдон” Россия

Арманистоннинг, аниқроғи, Пашинян ҳукуматининг Шарқ ва Ғарб ўртасида бўзчининг мокисидек қатнаши ҳали узоқ давом этадиган кўринади. Боиси, Европа Иттифоқи ҳам, НАТО ҳам Арманистонга дарров “қучоқ оча олмайди”, кутилган моддий ёрдам бера олмайди. Бундай “илик узилди паллада” Россия манфаатларига зид ҳаракатлар Арманистон учун ўта хавфли.

Жумладан, ўтган ойда Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук Ереван “ғарбпарастлик” йўналишини кучайтираётганига урғу бериб, “Европа Иттифоқига яқинлик ва ЕОИҲТга аъзолик бир-бирига мос келмаслигини” таъкидлади. 

– Бирор-бир мамлакатнинг Россия билан яқин бўлиши натижасида оладиган фойдаси – хавфсизлик ва стратегик теранлик учун тўланадиган бадал ҳисобланади, – деган Оверчук.

У Aрманистонга “минтақадан ташқари ўйинчилар” аралашувининг Aрманистон учун салбий оқибатлари олиб келиши ҳақида огоҳлантирган.

Бироқ Арманистоннинг ҳамон Россияга қўрқинч билан қараши Овурчукнинг юқоридаги баёнотидан кейин янада аниқлашди. Кўп вақт ўтмай, Aрманистоннинг Россиядаги элчиси Украинага қарши урушда рус халқини қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида Белгородга борди.

16 июл куни “Грапарак” газетаси “Фуқаролик шартномаси” партиясидаги манбаларига таниб ёзишича, Пашинян тор бир даврада “кузда Арманистон ташқи иёсатида сюрпризлар кутаётганини” айтган.

Газетанинг маълум қилишича, Пашинян Россия билан яқинлашишни режалаштирмоқда. Пашинян адашиб тавба қилган ноқобил ўғил каби яна “Она Россия” бағрига қайтмоқчи. Бош вазирнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Арманистонни қабул қилмаган, уни кутилганидек яхши молиялаштирмаган, бу йўналишда амалий қадамлар қўймаган, етарлича хавфсизлик кафолатлари тақдим этмаган. 

Бироқ, қизиғи шундаки, бир ой олдин – 12 июнда Арманистон парламентида ўтказилган ҳукумат соатида Пашинян Тоғли Қорабоғдаги 44 кунлик урушдаги мағлубият ва айбдорлар ҳақидаги саволларга жавоб бера туриб, муваффақиятсизлик учун жавобгарликни “пуфак-иттифоқчилик”ка ағдарган эди. Бироқ айнан кимни ёки қайси давлатни назарда тутаётганини очиқ айтмаган. Шунда депутатлар “унда нега Арманистон КХШТдан чиқиб кетмаяпти?” деб сўраган. Бош вазир бу саволга “қачон чиқиш кераклигини ҳукумат ҳал қилади”, дея жавоб берган. 

Бироқ сўнгги пайтларда Россиянинг санкцияларга мослашиб олгани ва Украина фронтида муваффақиятларга эришаётгани, ҳатто Украинанинг ўт очишни музокаралар воситасида тўхтатиш режасини ишлаб чиқаётгани, шу йил охиригача Киевда ўтказиладиган тинчлик бўйича иккинчи конференцияга Москвани ҳам таклиф этишга тайёрланаётгани Арманистон ҳукуматини вазиятга мувофиқ қарорлар чиқаришга ундаган бўлса, ажаб эмас. Бироқ бу қарор яна вазиятга қараб ўзгарадими-йўқми, бунисини вақт кўрсатади.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

telegram
telegram

Телеграмда кузатиб боринг!

Platina
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+