ДХХ адвокатларни пора билан қўлга туширди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ходимлари ўтказган тезкор тадбирларда адвокатлар, уларнинг жиноий шериклари пора билан қўлга олинди.
Хусусан, Фарғона шаҳридаги адвокатлик фирмаларида ишловчи 2 нафар адвокат ўзаро тил бириктириб, 50 минг доллар олган вақтларида ушланди. Улар 2023 йилда суд ҳукми билан 6 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда жазо муддатини ўтаётган маҳкумга нисбатан бўлган жиноят ишини вилоят суди томонидан тафтиш тартибида кўриш давомида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазога ўзгартириб беришни ваъда қилган.
Бошқа ҳолатда Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмасининг муқаддам бир неча маротаба судланган адвокати 100 минг доллардан 50 минг долларини олган вақтида ушланди. У Ички ишлар вазирлигининг Тергов департаменти томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши доирасида аниқланган 12 млрд. сўм миқдоридаги зарарнинг 6 млрд. сўмини прокуратура ва ички ишлар органларидаги танишлари ёрдамида жабрланувчи фойдасига ундириб беришга ишонтирган.
Мазкур тезкор тадбир давом эттирилиб, адвокатнинг ноқонуний ишга алоқадор ҳамкасби ва собиқ прокурор таниши ҳам 50 минг доллардан 30 минг долларини олган вақтларида ушланди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги адвокатлик фирмасининг муқаддам судланган адвокати Оқдарё туманида яшовчи фуқаронинг турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳини бекор қилишда суд тизимидаги танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 5 минг доллар билан қўлга тушди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.