“Ўзбектелеком” халқаро даражада ривожланмоқда
Компания илғор 5G технологияларини жорий этиш ва 6G га ўтиш истиқболлари, булутли ечимлар ҳамда сунъий интеллект даврига кириш мавзуларидаги халқаро муҳокамаларда фаол қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги ПФ-158-сон фармонида ҳам бу борада бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда ўтган давр мобайнида “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси томонидан ҳам айни шу мақсадларга қаратилган салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Эътиборлиси, фаолиятлар давомида халқаро ҳамкорлик алоқаларини ҳам мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йил бошида Компания делегацияси Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтган “МWC Барcелона-2024” Жаҳон мобил конгрессида муваффақиятли иштирок этди.
Шунингдек, апрел ойида “Ўзбектелеком” ташаббуси билан мамлакатимизда илк бор International Wholesale Telecom Congress – IWTC форуми ўтказилди, ушбу нуфузли тадбирда ЎЗТЕЛЕКОМ Олмос ҳомий ва асосий ҳамкор сифатида фаол қатнашди ва тадбир доирасида қатор истиқболли келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, Компания масъуллари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтган ASMH электр алоқа ва ахборот-коммуникация операторлари кенгашининг 46-йиғилишида, шу билан бирга соҳа доирасидаги иккита етакчи тадбир – Huawei ME & CA Tech Carnival & Partner Summit 2024 ва M360 Eurasiada асосий иштирокчи сифатида – илғор 5G технологияларини жорий этиш ва 6G га ўтиш истиқболлари, булутли ечимлар ҳамда сунъий интеллект даврига кириш мавзуларидаги муҳокамаларда фаол қатнашди. Шунингдек, “Ўзбектелеком” делегацияси вакиллари Беларус алоқа ва ахборотлаштириш вазирлиги ва “Белтелеком” компанияси ташкил этган нуфузли “ТИБО” АКТ халқаро форумининг ҳам асосий қатнашчиларидан бири бўлди.
Компания халқаро тадбирлардаги иштироки натижасида бир қатор ҳамкорлик келишувларига эришиб келмоқда. Амалга оширилган ишлар ва фаолиятга жорий қилинган янгиликлар самараси эса халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Жумладан, “МWC Барcелона-2024” доирасида “Ўзбектелеком” 2023 йилнинг 3-4-чораги бўйича Ookla® компаниясининг “Энг тезкор мобил тармоқ” ва “Энг яхши мобил гейминг тажрибаси” номинацияси билан муносиб тақдирланди. Бундан ташқари, Берлин шаҳрида бўлиб ўтган GCCM’нинг Global Awards танловида “Ўзбектелеком” бир вақтнинг ўзида учта номинация бўйича шорт-листга кирди ва “5G лойиҳасини ишга тушириш” учун нуфузли мукофотни қўлга киритди.
Биргина 2023 йил давомида 6000 дан ортиқ таянч станцияларни муваффақиятли ўрнатиб, модернизация қилинди. Натижада алоқа сифати сезиларли даражада оширилиб, абонентлар учун янги қулайликлар яратилди. Бу ўз ўрнида амалдаги фаолиятлар самарасидир.
Айни пайтда Компания томонидан халқаро алоқалар доирасида эришилган келишувлар асосида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида соҳага оид белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.